Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда иссиқлик тармоқлари янгиланади
17:00 / 2026-01-06

Сўнгги йилларда мамлакатимизда коммунал хизматлар сифатини яхшилаш, аҳолини барқарор ва хавфсиз иссиқлик таъминоти билан таъминлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланмоқда. Айниқса, иссиқлик тармоқларининг эскириши ва энергия йўқотишларининг юқорилиги тизимли ечимларни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, 2026-2030 йилларга мўлжалланган “Иссиқликтаъминоти” акциядорлик жамияти ҳамда Осиё тараққиёт банки ўртасидаги халқаро ҳамкорлик лойиҳалари коммунал инфратузилмани модернизация қилиш ва аҳоли турмуш сифатида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга қаратилган муҳим ташаббус сифатида эътироф этилмоқда.

2026-2030 йиллар Ўзбекистонда иссиқлик таъминоти тизимини тубдан янгилаш ва модернизация қилишда муҳим босқич бўлиши кутилмоқда. Дастлабки келишувларга мувофиқ, “Иссиқликтаъминоти” акциядорлик жамияти ҳамда Осиё тараққиёти банки ўртасидаги халқаро ҳамкорлик доирасида қатор йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

“Иссиқликтаъминоти” АЖ маълумотларига кўра, мазкур давр мобайнида 207 миллион АҚШ доллари маблағлари ҳисобидан

475,8 километр иссиқлик тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, умумий қуввати 130 МВт бўлган замонавий қозонхоналар барпо этиш, шунингдек, 1 357 та индивидуал иссиқлик пунктлари (ИИП) ўрнатиш кўзда тутилган.

Лойиҳалар тўлиқ амалга оширилганда 2 260 та кўп қаватли уй, яъни 96 327 та хонадон, шунингдек, 402 та ижтимоий соҳа объекти — мактаблар, болалар боғчалари, тиббиёт муассасалари марказлашган, барқарор ва хавфсиз иссиқлик таъминоти билан таъминланади.

Бу эса аҳолининг турмуш сифатини яхшилаш билан бирга, энергия самарадорлигини ошириш, иссиқлик йўқотишларини кескин камайтириш ва коммунал хизматлар барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Лойиҳалар доирасида иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш ва индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш

Навоий вилоятининг Навоий ва Зарафшон шаҳарлари, Учқудуқ ҳамда Конимех туманлари, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри, Фарғона вилоятининг Фарғона ва Қўқон шаҳарларида амалга оширилиши режалаштирилган.

Мутахассислар фикрига кўра, мазкур халқаро ҳамкорлик лойиҳалари иссиқлик таъминоти соҳасида йиллар давомида тўпланиб қолган тизимли муаммоларни бартараф этиш, эскирган инфратузилмани босқичма-босқич янгилаш ҳамда аҳолининг коммунал хизматлар сифатига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш орқали эксплуатация харажатларини қисқартириш, шаҳар ва туманларда барқарор инфратузилмани шакллантириш имконини ҳам яратади. Айни лойиҳалар коммунал соҳада ислоҳотларни чуқурлаштириш, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва замонавий шаҳар муҳитини барпо этиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Ш.Маматуропова, ЎзА