Шу кунларда Осиё сузиш федерацияси бош котиби Таҳа Сулаймон ал-Кишри амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди.
11 апрель куни фахрий меҳмон Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлигига ташриф буюрди. Уни спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов қабул қилди.
Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизматидан маълум қилинишича, дўстона руҳда кечган мулоқот аввалида вазир меҳмонга мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасига берилаётган эътибор, бунда сув спорти турларини ривожлантиришнинг ўрни ва аҳамияти, хусусан, Ўзбекистонда сув спорти турларини оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди.
Ўз навбатида Таҳа Сулаймон ал-Кишри Осиё сузиш федерацияси Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини билдириб, икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш таклифини илгари сурди.
Мулоқотда 2025 йили Тошкент шаҳри мезбонлик қиладиган ёшлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинлари учун барпо этилаётган сув спорти иншоотларини халқаро талабларга мос қилиб қуришда Осиё сузиш федерацияси ўз экспертларини тақдим қилиши борасида келишувга эришилди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг июнь-июль ойларида кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳри очиқ ҳавзада сузиш бўйича Осиё очиқ мусобақаси (Asian Open Water)га мезбонлик қилади. Ушбу мусобақани юксак савияда ташкил этиш борасидаги тайёргарлик ишлари ҳозирдан бошлаб юборилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, меҳмонлар сузиш бўйича 2022 йилги Осиё чемпионатини ҳам Ўзбекистонда ўтказиш режалаштирилаётганлигини айтиб ўтди. Мусобақани ўтказиш жойи ва муддати иш жараёнида кўриб чиқилади.
Икки томонлама мулоқот чоғида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов ҳамда Ўзбекистон сузиш федерацияси бош котиби Алишер Ғаниевлар ҳам иштирок этди.
Маълумот учун, ҳозирда Осиё сузиш федерациясига қитъамиздаги 45та давлат аъзо саналади.
ЎзА