Бугун, 21 октябрь куни Баҳрайнда ёшлар ўртасида III Осиё ўйинларининг учинчи мусобақалар кунида 5 та спорт тури – соҳил волейболи, текбол, кабадди, гандбол ва волейбол бўйича мусобақалар ўтказилса, Ўзбекистон спортчилари гандбол ва волейбол баҳсларида майдонга тушади.
Кун давомида ўтадиган гандбол мусобақаларининг “А” гуруҳидан жой олган Ўзбекистон қизлар терма жамоаси аъзолари Эрон билан куч синашса, ушбу гуруҳда Ҳиндистон – Қозоғистон ва Хитой – Таиланд жамоалари рўбарў келади.

Кеча юртимиз гандболчи қизлари ўз гуруҳида Ҳиндистон жамоасини 39:25 ҳисобида мағлуб этди. Шунингдек, гуруҳдаги Қозоғистон – Гонконг учрашуви 40:24 кўринишида, Эрон – Хитой ўйини 30:25 ҳолатида якунланди.
Бугун куннинг иккинчи ярмида волейбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси “С” гуруҳида Саудия Арабистони ёшлари қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.

Кеча волейболчи йигитларимиз гуруҳдаги илк ўйинда Қозоғистон жамоасини 3:0 кўринишида доғда қолдирганди.

Эслатиб ўтамиз, ёшлар ўртасидаги III Осиё ўйинларининг волейбол мусобақалари 29 октябрга қадар, гандбол ўйинлари 30 октябргача давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА