Осиё Олимпия кенгашининг яқинда Тошкентда бўлиб ўтган 77-Ижроия қўмитаси йиғилишида шу йил 10-25 сентябр кунлари Хитойда ўтиши белгиланган ёзги Осиё ўйинлари номаълум муддатга қолдирилганлиги эълон қилинди.
Ўйинларнинг қолдирилиши спортчилар, жамоалар, мутахассислар кайфиятига таъсир этмаслиги, йил давомида мамлакатимиз спортчиларини қитъа ва жаҳон чемпионатларига тайёрлаш ишлари сусайтирилмаслиги белгиланди.
– Гарчи Осиё ўйинларининг қачон ўтказилиши номаълум бўлсада давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 майдаги “2022 йилда Ханчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтадиган XIX ёзги Осиё ва IV Параосиё ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида” ги қарори асосида спортчиларни мусобақаларга тайёрлаш ишлари давом этмоқда, – дейди Самарқанд вилояти спортни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев. – Мазкур қарорда спортга масъуллар, спортчилар ва уларнинг мураббийлари олдига жуда катта вазифалар қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон спорт делегациясининг аввалги Осиё ўйинларига нисбатан спорт турлари бўйича 30 тадан 35 тагача ҳамда Параосиё ўйинларига нисбатан параспорт турлари бўйича 8 тадан 13 тагача, умумий профессионал спортчилар сонини 50 фоиздан ошириш белгиланган.
Шунингдек, анъанавий яккакураш спорт турлари билан бир қаторда ўқ отиш, енгил атлетика, эшкак эшиш, велоспорт, гандбол, регби, баскетбол 3х3, сув спорти, паравелоспорт ва парашахмат спорт турлари бўйича натижадорликни ошириш бўйича вазифалар қайд этилган. Ўйинларга тайёргарлик кўриш бўйича белгиланган устувор вазифалар қаторида спортчиларнинг генетик ва фенокопик имкониятларини ўрганиб, уларга рационал овқатланиш ҳамда машғулот юкламаларини тўғри тақсимлаш бўйича тавсиялар бериш ва уларни миллий терма жамоаларга жалб қилиш, ҳар бир спортчининг психологик портретини шакллантириш орқали психологик тайёрлаб бориш, спорт турлари бўйича тайёргарлик жараёнига хорижий тренер ва мутахассисларни, шу жумладан спорт фармакологлари, диетологлари, психологларини жалб қилиш, спортчилар учун узлуксиз ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш ҳамда якуний тайёргарлик босқичини самарали ва сифатли ташкил этиш кўзда тутилган. Шу ва бошқа вазифалардан келиб чиқиб, ҳозирда вилоятимиз спортчилари Ханчжоуда бўладиган беллашувларга муносиб тайёргарлик кўрмоқда.
Вилоятимиз бўйича 13 спорт тури бўйича 41 нафар спортчи саралаб олинган. Шунингдек, ўттиз учинчи ёзги Олимпия ўйинларида 9 спорт тури бўйича 23 нафар ва ўн еттинчи Паралимия ўйинларида 2 спорт туридан 4 нафар номзод рўйхати шакллантирилган. Мусобақаларга тайёргарлик кўриш бўйича ҳудудий дастур ишлаб чиққанмиз. Унда ҳар бир спорт тури бўйича амалга оширилиши керак бўлган вазифалар, чора-тадбирлар аниқ белгилаб қўйилган.
Аввало, спортчилар ва мураббийларга тайёргарлик кўриши учун барча шароит яратилди. Асосий ва ёрдамчи спорт базалари сифатида 34 та спорт иншооти танланиб, машғулотлар олиб борилмоқда. Айни пайтда мусобақаларга номзод сифатида саралаб олинган спортчилар Тошкент шаҳрида ўқув-йиғин машғулотларида иштирок этмоқда. Президентимиз қарорида халқаро спорт мусобақаларида иштирок этадиган спортчиларни қуйи бўғиндан бошлаб тўрт босқичда – муассаса, туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсида мусобақалар ўтказиш ва тизимли асосида танлаб олиш жараёнларини пухта, шаффоф, адолатли амалга ошириш чораларини кўриш белгиланган.
Шундан келиб чиқиб жойларда бу борада саралаш мусобақалари ташкил этилмоқда. Маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятда 44 спорт тури бўйича федерация, 12 та ассоциация, 4 та спортни ривожлантириш клуби, 3 та спортни ривожлантириш маркази, 2 та жисмоний тарбия ва спорт жамияти фаолият юритмоқда.
Федерациялар томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказилган рейтингга кўра, вилоятда 7 спорт тури қониқарли, 19 спорт тури ўрта ва 6 спорт тури паст кўрсаткичли тоифага ажратилиб, зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Айни чоғда 76 спорт тури бўйича 1168 нафар самарқандлик спортчи Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий ва захира таркибига киритилган. Улар миллий терма жамоанинг 9 фоизини ташкил этади.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА