French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Осиё Олимпия кенгаши раҳбари Ража Рандхир Сингх Тошкентга келди
20:49 / 2022-05-04

6 май куни Тошкентда илк бор Осиё Олимпия кенгаши (ООК) ижроия қўмитасининг йиғилиши ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташкил этилганининг 30 йиллик байрам дастури ўтказилади.

Мазкур тадбирларда иштирок этиш Осиё Олимпия кенгашининг амалдаги раҳбари Ража Рандхир Сингх Тошкентга ташриф буюрди.

Осиё Олимпия кенгаши раҳбарини Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов ва Қўмита раиси ўринбосари Азизжон Комилов кутиб олди.

–Биз Осиё Олимпия кенгаши ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташкил этилганининг 30 йиллик шодиёнасини дўстларимиз билан биргаликда нишонлаш учун ташриф буюрдик. Ижроия қўмита йиғилишида олдинда кутаётган Осиё ўйинларига тайёргарлик режаларини муҳокама қиламиз. Қитъамизда Олимпия ҳаракатининг истиқболлари ҳақида фикр алмашамиз. Биринчи навбатда, Президент Шавкат Мирзиёевни мамлакатингизнинг спорт соҳасида эришаётган ютуқлари билан қутлаб ўтмоқчиман. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси билан жуда яқин ҳамкорлик алоқаларимиз бор. Шунингдек, ташрифимиз давомида 2025 йил Тошкентда ўтадиган ёшлар ўртасидаги IV Осиё ўйинларига тайёргарлик режаларини ҳам кўриб чиқамиз, – деди Ража Рандхир Сингх.

Биринчи марта мамлакатимизда ўтказиладиган ташкилотнинг ижроия қўмитаси йиғилишида қитъамиз спорти келажагига оид муҳим масалалар, жумладан, "Ханчжоу – 2022" Осиё ўйинлари, "Шантоу – 2021" ёшлар ўртасидаги III Осиё ўйинларининг ташкилий масалалари юзасидан муҳокамалар ўтказилади.

Шунингдек, йиғилиш кун тартибидан “Тошкент – 2025” ёшлар ўртасидаги IV Осиё ўйинларига кўрилаётган тайёргарликнинг тақдимот лойиҳаси ўрин олган.

Қитъамиз спортига оид муҳим масалалар муҳокама қилинадиган тадбирда 30 га яқин мамлакат вакиллари иштирок этади.

О.ЭШМАМАТОВ ЎзА