Саудия Арабистонида 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё кубоги ўтказилмоқда. Унда кеча “С” ва “B” гуруҳида биринчи тур ўйинлари ўз якунига етди.
Осиё кубогининг “C” гуруҳида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси илк ўйинини Ливан терма жамоасига қарши ўтказди ва 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Жанубий Корея – Эрон ўртасидаги баҳсда ҳисоб очилмади.

Шу тариқа, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси илк турдан сўнг, 3 очко билан гуруҳ пешқадамига айланди. Жанубий Корея ва Эрон эса 1 очко билан 2-3 ўриндан жой олган бўлса, Ливан очкосиз сўнгги поғонада қолди. Энди иккинчи тур доирасида 10 январь куни Ўзбекистон – Эрон ва Жанубий Корея – Ливан учрашувлари ўтказилади.

Шунингдек, “B” гуруҳида бўлиб ўтган биринчи тур якунларига кўра Япония 5:0 ҳисобида Сурияни таслим этди ва гуруҳда карвонбошига айланган бўлса, БАА 2:0 ҳисобида Қатар устидан зафар қучган ҳолда иккинчи ўринга кўтарилиб олди. Мағлуб жамоалар голлар нисбатига кўра, 3-4 ўринни банд этди. Иккинчи турда Япония – БАА, Қатар – Сурия ёшлар терма жамоалари баҳсига гувоҳ бўламиз.
Бугун, 8 январь куни “D” гуруҳидан ўрин олган Ироқ – Хитой ҳамда Австралия – Таиланд терма жамоалари ўртасидаги беллашувлар мусобақанинг биринчи турига якун ясаб беради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА