Саудия Арабистони яшил майдонларида 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтаказилаётган Осиё кубогининг биринчи тур учрашувлари ўз якунига етди.
Биринчи турдан сўнг, "A" гуруҳида Вьетнам ва Саудия Арабистони терма жамоалари 3 очкодан жамғариб, гуруҳ жадвалида пешқадамга айланди. Қирғизистон ва Иордания эса 3-4 ўринларни банд этди.

Бугун, 9 январь куни мазкур гуруҳда иккинчи тур ўйинлари бўлиб ўтади. Унда Вьетнам – Қирғизистон ва Саудия Арабистони – Иордания ёшлар терма жамоалари тўқнашувига гувоҳ бўламиз. Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, ушбу ўйинларда гуруҳ пешқадамлари зафар қучса, муддатидан аввал чорак финалга йўл олади.

“B” гуруҳида эса кутилганидек Япония ва БАА биринчи турдан сўнг 3 очко билан етакчига айланди. Қатар ва Сурия голлар нисбатига кўра, 3-4 ўриндан жой олди. 10 январь куни бўлиб ўтадиган иккинчи тур учрашувларида Япония – БАА гуруҳда ким фаворит эканини исботлаш учун рақобатлашса, Қатар – Сурия баҳсида ҳар икки жамоа илк 3 очко учун бор куч-ғайратини ишга солади.
“C” гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси илк турдан сўнг 3 очко билан гуруҳ пешқадамига айланган. Жанубий Корея ва Эрон эса 1 очко билан 2-3 ўринда қайд этилди. Ливан очкосиз сўнгги поғонада қолди. Энди 10 январь куни Ўзбекистон – Эрон ва Жанубий Корея – Ливан учрашувлари ўтказилади. Иккинчи турда футболчиларимиз ўйинни ўз фойдасига ҳал эта олса, чорак финалга муддатидан аввал чиқади.

Куни кеча ўз якунига етган “D” гуруҳидан ўрин олган Ироқ – Хитой тўқнашувида ҳисоб очилмади. Австралия эса 2:1 ҳисобида Таиландни таслим этди. Шу тариқа 11 январь куни ташкил этиладиган иккинчи тур ўйинларида гуруҳда 3 очко билан биринчи ўринда бораётган Австралия Хитойни синовдан ўтказади. 1 очко билан учинчи поғонадан ўрин олган Ироқ эса сўнгги ўринда қайд этилган Таиланд билан баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА