Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Осиё кубоги йўлланмаси учун саралаш баҳсларида илк тур якунланди
11:13 / 2025-09-21

Футзал бўйича 2026 йилнинг 27 январь кунидан 7 февралига қадар Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё кубоги саралаш баҳсларида биринчи тур учрашувлар якунланди.

Биз учун аҳамиятли бўлган саралашнинг “F” гуруҳида Ўзбекистон терма жамоаси илк турда Фаластин термасини 7:1 ҳисобида мағлубиятга учратган бўлса, ушбу гуруҳдаги баҳслар мезбони бўлган Қирғизистон 9:1 ҳисобида Шарқий Тимор устидан зафар қучди. Энди 22 сентябрь куни иккинчи турда Ўзбекистон - Шарқий Тимор, Қирғизистон – Фаластин терма жамоалари ўзаро рақобатлашади.

Кувайтда ўтаётган “А” гуруҳида мезбонлар 4:1 ҳисобида Ҳиндистон устидан зафар қучди ва кейинги турда Австралия термасига 8:1 ҳисобида таслим бўлган Мўғулистон билан ўйнайдиган бўлди. Ҳиндистон эса 2-турни австралиялик футзалчиларга қарши ўтказади.  

Таиланд мезбонлигида ўтаётган “B” гуруҳидаги илк турда Жанубий Корея 2:0 ҳисобида Баҳрайнни доғда қолдирди. Мезбонлар Бруней дарвозасига 15 та гол урди ва 1 та гол ўтказиб юборди. Иккинчи турда Таиланд – Баҳрайн, Жанубий Корея – Бруней ўзаро тўқнаш келади.

“C” гуруҳида Тожикистон 10:2 ҳисобида Макаони енгди. Япония терма жамоаси Камбоджа дарвозасига жавобсиз 5 та гол урди. Навбатдаги тур учрашувларида Тожикистон мухлислари олдида Камбоджа билан куч синашади.  Япония эса Макаони синовдан ўтказади. “E” гуруҳида Хитой мухлислари олдида  Ливанга 1:2 ҳисобида таслим бўлди ва учинчи тур олдидан Ҳонгконг термасини 9:1 ҳисобида мағлуб этган Вьетнам билан куч синашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

“G” гуруҳи мезбони Малайзия ягона гол эвазига БАА терма жамоасини таслим этди. Эрон эса Бангладеш дарвозасини 12 бора ишғол қилди. Мазкур гуруҳдаги иккинчи турдан Бангладеш – Майлайзия ва Эрон – БАА термаларининг баҳси ўрин олган.  

Мьянмада ўтаётган “H”  гуруҳида бор йўғи учта терма жамоа иштирок этмоқда. Шу боис ҳам илк турда битта ўйин ташкил этилди унда Афғонистон 10:1 ҳисобида Мальдив оролларини мағлубиятга учратди. 22 сентябрь куни Мьянма ўзининг биринчи учрашувини Мальдив оролларига қарши ўтказади.  

Эслатиб ўтамиз, “D”  гуруҳидаги саралаш баҳслари Саудия Арабистонида 18-22 октябрь кунлари бўлиб ўтади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА