Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Осиё кубоги йўлланмаси сари дадил қадам
11:14 / 2022-06-12

Футбол бўйича Наманганда бўлиб ўтаётган "Осиё кубоги -2023" саралаш турнирининг "С" гуруҳида 2-тур учрашувлари ўтказилди.

Унда мусобақанинг асосий фаворитлари сифатида кўрилган Ўзбекистон ва Таиланд терма жамоалари навбатдаги ғалабаларини нишонлади.

Даставвал, Шри-Ланка ва Таиланд терма жамоалари майдонга чиқишди. Унда шри-ланкаликларга нисбатан тажрибалироқ кўринган Таиланд термаси 2:0 ҳисобида устун келди. Голларга Пуангчанг ва Канитсрибампен муаллифлик қилишди.

Маҳаллий вақт билан 20:30да миллионлар ўйини ихлосмандлари орзиқиб кутган ўйин - Мальдив ороллари ва Ўзбекистон терма жамоалари баҳсига старт берилди.

Ёмғирли ҳавода ўйинни шиддаткор руҳда бошлаган ҳамюртларимиз 2-дақиқадаёқ ҳисобни очишди. Италия "А" сериясида порлаётган юлдузимиз Элдор Шомуродов Осиё кубоги саралашидаги дастлабки голини ёздириб қўйди.

Илк дақиқа давомида катта устунликка эга бўлган Сречко Катанец шогирдларида голга тортадиган бир қатор хавфли вазиятлар юзага келди. Аммо йигитларимизда жамоавий комбинациянинг етишмаганлиги панд берди. 

Танаффус чоғида етарли кўрсатмаларни олиб чиққан футболчиларимиз ўйинда туб бурилиш ясади. Мураббий штаби таркибга ўзгаришларни киритди.

Ўзбекистон термаси таркибида Достонбек Ҳамдамов ва Азизбек Амонов ўрнига Азизбек Турғунбоев ҳамда Ойбек Бозоровлар майдонга тушди.

Учрашувнинг 51-дақиқасида Жалолиддин Машариповдан тўпни қабул қилиб олган Элдор Шомуродов 20 метрлар чамаси узоқликдан кучли зарба йўллаб, шарқий осиёликларни ўйинни майдон марказидан бошлашга мажбур қилди. 61-дақиқада эса терма жамоамиз таркибида яна бир ўзгариш юз бериб, Жалолиддин Машарипов ўрнига Остон Ўрунов ўйинга қўшилди.

Стадионга тўпланган 10 мингга яқин томошабинлар 80-дақиқада ажойиб голдан завққа тўлишди. Терма жамоамиз сардори Элдор Шомуродов рақиб дарвозабони билан "бирга-бир" вазиятга чиқиб, тўпни дарвозага йўллаб, ўз "хет-трик"ини нишонлади.
Учрашув тугашига тўрт дақиқа қолганда миллий терма жамоамиз ҳимоячиси Фаррух Сайфиевнинг чап қанотдан ёриб кириб, Остон Ўруновни қулай вазиятга чиқарди. Ҳужумкор, голга ташна футболчимиз эса рақиб дарвозасини ишғол этиб, терма жамоамизнинг йирик ҳисобдаги (0:4) ғалабасини таъминлади.

Шу тариқа Ўзбекистон миллий терма жамоаси "Осиё кубоги - 2023" саралаш босқичининг "С" гуруҳида 6 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Шунча очко тўплаган Таиланд эса тўплар нисбатига кўра, иккинчи поғонада бормоқда. Шри-Ланка ва Мальдив ороллари терма жамоаларига эса ҳозирча очко олиш насиб этмади.

Саралаш турнирининг якунловчи учрашувлари 14 июнь куни бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон ва Таиланд терма жамоалари қитъамиз биринчилиги йўлланмаси учун баҳс юритади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА