Аввал хабар берганимиздек, Қатарда футбол бўйича Осиё кубогининг гуруҳ босқичига старт берилди. Мусобақанинг илк ўйинида Қатар ва Ливан терма жамоалари ўзаро куч синашди. Унда мезбонлар рақибларини қийинчиликсиз 3:0 ҳисобида енгди. Шу тариқа, Маркес шогирдлари биринчи турда 3 очкони қўлга киритиб, “A” гуруҳида пешқадамга айланди.
Бугун, 13 январь куни ўзбек футбол ихлосмандлари учун жуда муҳим кун. Сабаби, Сречко Катанец бошчилигидаги терма жамоамиз Осиё кубогида дастлабки ўйинини ўтказади. Терма жамоамиз “B” гуруҳида Тошкент вақти билан соат 22:30 да Сурия термасига қарши майдонга тушади. Ушбу баҳс "Жасим бин Ҳамад" стадионида ташкил этилади.
Учрашувда Аҳмад Абу Бакар Ал Каф (Уммон) бош ҳакам сифатида ишлайди. Унга қанотларда ҳамюртлари Абу Бакар Салим Ал Амри, Рашид Ҳамид Ал Гаити ёрдам беради. Захира ҳаками эса Моҳанад Қосим Саррай (Ироқ) этиб белгиланди.
Ўзбекистон – Сурия учрашуви олдидан икки терма жамоа ўйинлари тарихига бироз назар ташлаймиз. Ўзбекистон ва Сурия Осиё кубогида бор йўғи бир маротаба 1996 йили БААда тўқнаш келган. Ушбу ўйинда Сурия 1:2 ҳисобида ғалаба қозонган.
Шундан сўнг икки жамоа жами 5 маротаба ўйин ўтказди. Уларнинг иккитаси жаҳон чемпионати саралаш босқичида ўтган бўлса, қолган учтаси ўртоқлик ўйинидир. Мазкур беш ўйинда ҳар икки жамоа икки мартадан ғалаба қозонган бўлса, битта ўйин дуранг билан якунланган. Ўзбекистон ва Сурия сўнгги бор 2020 йилда ўртоқлик ўйинида ўзаро рақобатлашган. Унда сурияликлар минимал 1:0 ҳисобида ғолиб чиққан. Албатта, бу ўйинлар тарихда қолди. Бугунги баҳс эса умуман бошқача бўлишига ишонамиз.
Дарвоқе, бугун “А” гуруҳининг иккинчи ўйини соат 19:30да Хитой ва Тожикистон ўртасида бўлиб ўтади. Шу куни “B” гуруҳида Австралия ҳамда Ҳиндистон термалари соат 16:30да майдонга тушади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА