Саудия Арабистони мезбонлигида ўтаётган U23 ёш тоифасидаги Осиё кубогида чорак финалга йўл олган 6 та терма жамоа номи аниқ бўлди.
Мусобақанинг гуруҳ босқичида дастлаб Вьетнам ва Иордания терма жамоалари “А” гуруҳи етакчилари сифатида чорак финал йўлланмасини қўлга киритган бўлса, “С” гуруҳида Ўзбекистон ва Жанубий Корея термалари улар қаторига қўшилди.

Шунингдек, “B” гуруҳида ҳам 3-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Япония терма жамоаси Қатарни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. БАА ва Сурия 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Натижада Япония 9 очко билан гуруҳ карвонбошисига айланди. БАА ва Сурия 4 очкодан тўплаган бўлса-да, голлар нисбатига кўра, БАА иккинчи ўриндан жой олди.

Бугун, 14 январь куни “D” гуруҳида сўнгги тур баҳслари бўлиб ўтади унда Ироқ – Австралия, Хитой – Таиланд ўзаро куч синашади. Дарвоқе, мазкур гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаган терма жамоа Равшан Ҳайдаров қўл остидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига қарши ярим финал учун майдонга тушади.
Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, чорак финалнинг дастлабки жуфтликлари номи аниқ бўлди. Унга кўра, 16 январь куни Япония ва Иордания, Вьетнам – БАА термалари баҳслашади. Ўзбекистон ҳамда Жанубий Кореянинг ушбу босқичдаги ўйинлари 17 январда бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА