Футзал бўйича 2026 йил 27 январдан 7 февралга қадар Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё кубогига саралаш баҳсларининг иккинчи тур учрашувлари якунланди.
Жумладан, “А” гуруҳида иккинчи тур якунларига кўра, Австралия ва Кувайт термалари 6 очко тўплаган ҳолда гуруҳ пешқадамига айланди. Ҳиндистон ҳамда Мўғулистон термалари эса икки мағлубият эвазига қуйи поғонада қолди. Энди 24 сентябрь куни ушбу гуруҳда Австралия ва Кувайт, Ҳиндистон ҳамда Мўғулистон терма жамоалари ўзаро рақобатлашади.

“B” гуруҳидан ўрин олган Таиланд ва Жанубий Корея терма жамоалари икки ўйиндаги ғалаба эвазига голлар нисбатига кўра, 1-2 поғоналардан жой олди. Баҳрайн ва Бруней эса кейинги ўринларни забт этиб, мусобақа билан хайрлашди. Учинчи турда гуруҳ пешқадамлари биринчи ўрин учун ўзаро рақобатлашади. Аутсайдерлар эса шунчаки расмиятчилик учун ўйнайди.
Япония ва Тожикистон “C” гуруҳида 6 очко тўплади. Камбоджа ҳамда Макао эса ҳамон очкосиз бормоқда. Энди 3-турда Япония – Тожикистон, Камбоджа – Макао ўртасидаги ўйинга гувоҳ бўламиз.
“E” гуруҳида Вьетнам 6 очко жамғарди ва биринчи ўриндан жой олди. Ливан 4 очко билан иккинчи, Ҳонг Конг эса 1 очко жамғариб, учинчи поғонада қайд этилди. Хитой термаси эса икки мағлубият эвазига сўнгги ўринда қолмоқда. Саралаш баҳсларининг охирги турида Хитой – Ҳонг Конг, Ливан – Вьетнам терма жамоалари куч синашади.
Биз учун аҳамиятли бўлган “F” гуруҳида Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари иккинчи ғалабасини нишонлади ва гуруҳда 1-2 ўринларни банд этди. Фаластин ҳамда Шарқий Тимор термалари кейинги ўринларда бормоқда. Бу гуруҳда 3-тур баҳсларида пешқадамлар ва қуйи поғонадагилар ўзаро тўқнашади.
“G” гуруҳида Эрон ва Малайзия термалари гуруҳда 6 очко билан етакчилик қилмоқда. БАА ва Бангладеш 3-4 ўриндан жой олган. Навбатдаги турда Малайзия гуруҳ пешқадамлиги учун Эронни таслим этиши лозим бўлади. БАА ва Бангладеш эса ўзларининг илк очколари учун куч синашади.
“H” гуруҳида Афғонистон ва Мьянма 3 очкони қўлга киритиб, сўнгги турда ўзаро куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА