French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Осиё давлатлари аэропорт назоратини кучайтирмоқда
13:37 / 2026-01-29

Ҳиндистонда хавфли “Nipah” вируси тасдиқлангандан сўнг Таиланд, Сингапур, Гонконг ва Малайзия ҳукуматлари аэропортларда санитария-назорат чораларини кучайтирди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, кўршапалаклар орқали юқадиган “Nipah” хасталиги иситма, мия яллиғланиши каби оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Мутахассислар вирусдан ўлим даражаси 40-75 фоизни ташкил этишига эътибор қаратган.

Ушбу зараркунанда инсондан инсонга ҳам юқиши мумкин. Фақат бундай ҳолат, одатда, давомли яқин мулоқот натижасида кузатилади. Кўпинча “Nipah” одамга касалланган кўршапалак ёки мазкур ҳашарот ифлослантирган мева орқали ўтади.

Бу вирус дастлаб декабрь ойи охирида Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгал штатида икки кишида аниқланди. Беморлар соғлиқни сақлаш тизими ходимлари бўлиб, ҳозир маҳаллий шифохонада даволанмоқда.

Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, жабрланганлар билан муомалага киришган 196 киши аниқланиб, текширувдан ўтказилган. Уларнинг ҳеч бирида шубҳали белги кузатилмаган, таҳлил натижаслари манфий чиққан.

Вазирлик аҳолини жамоатчилик орасида тарқалаётган асоссиз ва бўрттирилган маълумотдан қочишга чақириб, қўшимча кузатув, лаборатория текшируви ва эпидемиологик назорат чоралари вақтида амалга оширилаётганини таъкидлади.

Сингапур Юқумли касалликлар агентлиги Ҳиндистондан келаётган йўловчилар учун ҳароратни текшириш тизими жорий этилишини маълум қилди. Шунингдек, Жанубий Осиё мамлакатлари билан ахборот алмашинувини кучайтириш, аниқланган ҳолатлар таҳлилини халқаро даражада мувофиқлаштириш устида иш олиб борилаётганини билдирди.

Мутахассислар таъкидлашича, ҳозирча аҳоли учун кенг кўламли хавф мавжуд эмас. Буюк Британиядаги Эссекс университети вирусология ўқитувчиси Эфстатиос Гиотис вазиятни диққат билан кузатиш зарурлиги, ҳозирча глобал инқироз ҳақида гапиришга асос йўқлигига урғу берган.

Айни пайт “Nipah” вирусига қарши бир неча хил вакцина ишлаб чиқилмоқда, препаратлар ҳали синов босқичида.

Д.Ҳакимов, ЎзА