Вьетнамда академик эшкак эшиш бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Қитъа биринчилигида 18 та мамлакатдан 232 нафар спортчи 20 та йўналишда баҳс олиб борди.
Мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоаси муносиб иштирок этди. Айниқса, жамоа сафида майдонга чиққан сирдарёлик эшкак эшувчилар ўз маҳорати ва спорт тайёргарлигини намоён этишиб, мамлакатимиз байроғини юксакка кўтаришди.



Анна Пракатен ва Фазлиддин Каримов олтин медалга сазовор бўлган бўлса, Жамолбек Турғунов, Шаҳбоз Холмирзаев, Фаррух Облақулов, Бобуржон Муҳиддинов ҳамда Меҳрожбек Маматқуловлар кумуш медаль соҳибига айланишди. Фирдавс Махкамов эса бронза медалини қўлга киритди.
Шу тариқа Сирдарё вилояти спортчилари Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига бир нечта муҳим медалларни олиб беришди ва мамлакатимиз обрўсини янада юксалтиришди.


Эътиборли жиҳати шундаки, сирдарёлик эшкак эшувчилар жорий йилнинг сентябрь ойида Озарбайжоннинг Габала, Гянджа, Гёйгёл, Мингячевир, Шеки, Ханкенди ва Евлах шаҳарларида бўлиб ўтган III МДҲ ўйинларида ҳам юқори натижаларга эришган эди. Ўша мусобақаларда вилоят спортчилари 6 та медални — 4 та олтин ва 2 та кумушни қўлга киритишганди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири