Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионати бошланди.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоаси ҳам тўлиқ таркибда иштирок этмоқда. Чемпионатда қитъамизнинг 17 мамлакатидан 150 нафардан зиёд боксчи иштирок этмоқда.
Мусобақанинг биринчи кунида вазни 60 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари баҳсида Абдумалик Халаков лаослик Валтер Сарнои билан илк даврада рақобатлашади. 75 килограммгача вазнда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган Саиджамшид Жафаров эса биринчи босқичда афғонистонлик Сулаймонга қарши рингга кўтарилади.
Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионатининг эркаклар ўртасидаги мусобақаларда олти нафар боксчимиз – Нодиржон Мирзаҳмедов, Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзахалилов, Бобоусмон Батуров, Дилшодбек Рўзметов ва Баҳодир Жалолов ўз иштирокини иккинчи даврадан бошлайди. Фақатгина тўрт боксчимиз – Абдумалик Халаков, Элнур Абдураимов, Саиджамшид Жафаров ва Санжар Турсунов илк босқичда рингга кўтарилади.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА