Яқинда Иорданиянинг Амман шаҳрида бокс бўйича ўсмирлар ва кичик ўсмирлар ўртасида якунига етган Осиё чемпионатида барча ёш тоифасидаги терма жамоаларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 15 та олтин, 15 та кумуш ва 12 бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринга сазовор бўлди.
Нуфузли мусобақада мамлакатимиз спорт делегациясининг салмоқли ютуқларига Наманган вилояти вакиласи Шодиёна Мелиқулова ҳам катта ҳисса қўшганлигини эътироф этиш жоиз.


Ҳозирда Наманган туманидаги 39-сонли умумтаълим мактабининг 9-синфида ўқиётган Шодиёна ўз исмига муносиб натижага эришди. У 50 килограмм вазн тоифасида баҳсларга киришиб, финалгача бўлган баҳсларда рингни ғолиблик сурури билан якунлади ва кумуш медалга муносиб кўрилди.

Шодиёна ўз яшаш хонадонида маҳалла ва туман фаоллари, нуронийлар, мактаб жамоаси ҳамда ёшлар вакиллари томонидан байрамона руҳда кутиб олинди. Тантанали тадбирда қатнашган Наманган тумани ҳокими Садриддин Мўминов шундай фарзандни тарбиялаб, спортга меҳр уйғотган ота-онаси ҳамда устоз мураббийларига миннатдорлик билдирди.

Спортчи билан мулоқотга киришган ёшлар вице-чемпионга ҳавас нигоҳлари билан боқишди. Ўзбекистон байроғини халқаро майдонларда баланд ҳилпиратаётган чемпионлар сафи кенгайишига тилаклар билдирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА