Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги “Ўзбегим" от заводига қарашли отчопарда "Шарқ марвариди" шиори остида Осиё чемпионати ўтказилди.
Мазкур мусобақада 10 дан ортиқ давлатлардан спортчилар 200 тага яқин отлар маҳоратини синовдан ўтказди. Пойга отларнинг ёшидан келиб чиқиб (2, 3, 4 ва ундан катта ёшдаги Ахалтака ва инглиз зотли отлар) 1000 метрдан 2 минг 400 метргача бўлган масофада ташкил этилди.
Ғолиблар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди. Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев иштирок этди. Қайд этилганидек, Президентимиз ташаббуси билан от спортини ривожлантириш, замонавий бешкураш ва поло спорт турларини аҳоли ўртасида оммалаштириш, иқтидорли ёшларни танлаш, саралаб олиш ва уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш мақсадида қатор ишлар қилинмоқда.
Хусусан, бу каби мусобақалардан ҳам кўзланган мақсад – от спорт тури билан шуғулланувчиларни бошқа давлат спортчилари билан рақобат қила оладиган даражага етказиш, халқаро талаб ва стандартлар асосида мутахассисларни тайёрлаш, соҳада яхши натижаларни қўлга киритишга кўмаклашишга қаратилган.
Бугунги кунда от кўпайтириш ва уни парваришлаш бўйича фаолият олиб бораётган 70 га яқин тадбиркорларнинг 20 дан ортиғи Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келади. Мусобақа доирасида, Тошкент вилояти, Қозоғистон, Тожикистон давлатларида парваришланган Ахалтака ва тоза қонли инглиз зотли отлар кўргазмаси ҳамда аукцион савдоси ҳам ташкил этилди. Бугунги кунда “Ўзбегим" от заводида 300 га яқин зотли арғумоқлар парваришланмоқда. Улар орасида Ахалтака зотидан ташқари, инглиз ва араб зотли отлар ҳам бор.
А.Мусаев, ЎзА.