Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Осиё болалари халқаро ўйинларига номзодлар Термизда сараланди
13:06 / 2022-05-25

Хабар берганимиздек, шу кунларда Термиз шаҳри кураш бўйича турли ёш тоифасида ўтказилаётган Ўзбекистон чемпионати баҳсларига мезбонлик қилмоқда.

Куни кеча 2007-2008 йилларда туғилган ўсмир-ёшлар ўртасидаги баҳсларда мамлакат чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари аниқланган бўлса, бугун 25 май куни 2005-2006 йилларда туғилганлар мамлакат биринчилиги беллашувларига киришди.

2007-2008 йилларда туғилган ўсмир-ёшлар иштирок этган чемпионатда ўғил болалар 11 та, қизлар эса 9 та вазн тоифасида баҳслашди. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, медаллар жамғаришда ўғил болалар ўртасида Қашқадарё вилояти спортчилари 4 тадан олтин ва кумуш, 2 та бронза медали билан умумжамоада 1-ўринни эгаллаган бўлса, самарқандлик ёш полвонлар 2 та олтин, 1 та кумуш, 3 та бронза эвазига 2-ўринни, бухороликлар эса 1 та олтин, 4 та кумуш, 5 та бронза эвазига 3-ўриндан жой олишди.

Қизлар ўртасида медаллар тақсимоти бўйича Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилояти жамоалари етакчиликка эришди.

Айтиш лозимки, мусобақалар натижасида ҳудудлар кесимида спортчиларнинг натижасидан келиб чиқиб, минтақаларда фаолият кўрсатаётган мураббийларнинг ишлаш тартиби ҳам ойдинлашди.

Чемпионат жараёнида ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда Сирдарё, Андижон, Наманган ва Жиззах вилояти вакиллари биронта ҳам совринли ўринни эгаллай олмади. Қизлар мусобақасида эса Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона, Наманган вакиллари сусткашлик кўрсатди.

Бугун, 25 май куни 2005-2006 йилларда туғилганлар ўртасидаги чемпионатда эса мамлакатимизнинг 200 нафарга яқин ёшлари чемпионат беллашувларига киришди.

2007-2008 йилда туғилган ёшлар келгусида Ўзбекистон терма жамоасига жалб қилинган ҳолда жорий йилнинг 27 июль-3 август кунлари Россия Федерациясининг Владивосток шаҳрида ўтадиган VII Осиё болалар Халқаро ўйинларида қатнашиш имкониятига эга бўлади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА