Россия Федерациясининг Якутск шаҳрида поёнига етиб бораётган “Осиё болалари” ўйинларининг ортда қолган ўнинчи кунги мусобақаларида мамлакатимиз курашчи ва боксчи ёшлари 12 та медаллар шодасига эга чиқди.
“Осиё болалари” ўйинларининг бокс бўйича биринчи кунги финал жангларида 7 нафар боксчимиз рингга кўтарилди. Шиддатли кечган жанглар якунида ёш боксчиларимиз 3 та олтин, 4 та кумуш медалга эгалик қилди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Мафтуна Мусурмонова, Муҳаммадризо Укимов, Иброҳим Шокиржонов олтин, Фарзуна Рўзиева, Ҳикматилла Собиров, Саидхўжа Саъдиллахўжаев, Асилбек Абдусамадов кумуш медалларни қўлга киритди.
Кураш бўйича ўтган “Осиё болалари” ўйинларининг биринчи кунги мусобақаларида 5 вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Якутск шаҳридаги Эллй Ботур спорт комплексида кечган шиддатли беллашувларда Ўзбекистон терма жамоасининг барча аъзоларига олтин медаль насиб этди.
Маҳоратли курашчиларимиз Иброҳим Жовлиев, Фирдавс Ниятуллаев, Шоҳмурод Шомуродов, Моҳинур Оллоберганова, Гулширин Қаҳрамонова ғалабаси шарафига Ўзбекистон мадҳияси янгради.
Бугун, 5 июль куни “Осиё болалари” ўйинларининг ўн биринчи кунида ўзбекистонлик спортчи ёшлар бокс ва кураш мусобақаларида совринли ўринларга даъвогарлик қилади.
Ортда қолган мусобақалар сарҳисобига кўра, бугунгача иштирокчи жамоаларнинг 22 таси “Осиё болалари” ўйинларида совринли ўринлар соҳиби бўлди. Улар орасида ўз шижоати ва ғалабага бўлган иродаси билан ажралиб турган Ўзбекистон спортчилари 29 та олтин, 27 та кумуш, 20 та бронза, жами 76 та медаль билан умумжамоада 2-ўринни эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, эртага 6 июль куни “Осиё болалари” ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА