Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Осиё болалари – келажак қуввати
16:43 / 2022-07-28

Россия Федерациясининг узоқ шарқдаги марказий шаҳарларидан бири бўлган Владивостокдаги “Фетисов спорт арена” мажмуасида VII “Осиё болалари” ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали очилиш маросимида ўйинларда иштирок этаётган 13 та давлат ҳамда Россия Федерациясининг 8 та минтақаси жамоалари тантанали параддан ўз байроқларини кўтарган ҳолда ўтишди.

Эътиборли жиҳати, мусиқа садолари остида ташкил этилган очилиш маросимида Ўзбекистон спорт делегацияси ҳур байроғимизни баланд кўтарган ҳолда кўриниш берганда юртимиз спорт делегациясининг либоси бошқа иштирокчи давлатлардан алоҳида ажралиб турди.

Ватанимиз байроғини Осиё чемпиони Темур Абдуваҳобов олиб ўтди. Унинг ортида ҳаракатланган юзлаб спортчилар қатори, бир пайтлари жаҳон спорт майдонларида ёрқин ғалабаларга эришиб, бугун бўлғуси чемпионларни тарбиялаётган таниқли мураббий-мутахассислар – Эркин Қутибоев, Бекзод Хидиров, Шавкат Жўраев, Тўлашбой Дониёров, Роман Шакиров, Саида Бурхонхўжаева кабиларнинг ҳам борлиги маҳаллий ишқибозлар олқишига сазовор бўлди. Бу, Ўзбекистон спортида чемпионлик анъаналари давом этажаклигидан далолатдир.

– Ўйинларнинг очилиш маросимида Ўзбекистон байроқдори этиб мени танлашганлигидан жуда хурсанд бўлдим. Бу, билдирилган катта ишонч ва масъулият, деб биламан. Истагим, шундай шарафга Олимпия ва қитъа ўйинларида ҳам эришсам дейман. Ўзим Андижоннинг Избосканиданман. Бундай бахтга эришганимдан айниқса маҳалламиздагидлар, ота-онам, тенгдошларим хурсанд бўлишгани шубҳасиз, – дейди Темур Абдуваҳобов.

Очилиш маросимининг яна бир аҳамиятли жиҳати, узоқ шарқнинг ўтмиши, бу бетакрор, сирли ўлкада яшаган шаманлар, туркий эллар тарихи саҳналаштирилган кўринишларда ифода этилди.

“Осиё болалари – келажак қуввати” шиори остида бошланган ўйинларга бугунги кунда коинотда фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ фазогирларнинг табриги ҳам онлайн етказилганлиги кўпнинг эътиборини тортди.

Албатта, спорт тинчлик, дўстлик элчиси. Ушбу мусобақа спортни оммалаштириш, унинг қамровини кенгайтириш, айниқса ёшлар қалбида янада спортга бўлган қизиқишни мустаҳкамлашга хизмат қилади. “Осиё болалари” ўйинлари олимпизм ғояларининг мантиқий давоми, унинг муҳим ирмоғи сифатида ташкил этилганлиги ва доимий бардавомлик касб этиши таъкидланди.

14-16 ёшли ўсмирлар ва қизлар ўртасида бошланаётган мазкур халқаро спорт ўйинларида Ўзбекистон спорт жамоаси 174 нафар спортчи билан қатнашаётганлиги юртимизнинг халқаро спорт ҳамжамиятида, олимпия ҳаракатини янада ривожлантиришда ўз муносиб ўрни борлигидан далолатдир.

Ёрқин мусиқа садолари, куй-қўшиқлар, беғубор болажонларнинг рақси билан давом этган очилиш маросимида VII “Осиё болалари” халқаро ўйинларининг машъаласи Олимпия ўйинларининг ғолиблари, таниқли спортчилар иштирокида ёқилди. Жорий йилнинг 8 августига қадар давом этадиган мусобақаларга старт берилди. Ёш спортчиларга муросасиз баҳсларда омад ёр бўлишини тилашди.

Эслатиб ўтамиз, юртимиз спортчилари халқаро ўйинлар дастуридан ўрин олган 19 спорт турининг 17 тасида медаллар учун кураш олиб боришади.

Эртага, 29 июль куни мамлакатимизнинг истеъдодли спортчилари соҳил волейболи, стол тенниси, баддий гимнастика, баскетбол 3х3, сузиш беллашувларидаги мусобақаларда иштирок этади.

Тўлқин Рўзиев,ЎзА