French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Осиё ва жаҳон чемпионини камол топтирган устоз
12:35 / 2019-09-29

Мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар ва яратилаётган шароитлар туфайли спортчиларимиз улкан ютуқларни қўлга киритмоқда.


Мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар ва яратилаётган шароитлар туфайли спортчиларимиз улкан ютуқларни қўлга киритмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 6-22 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида дунёнинг 80 га яқин мамлакати боксчилари иштирок этган жаҳон чемпионатида ўзбек бокс мактаби вакиллари юксак азму шижоат ва маҳорат намунасини кўрсатиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Уларнинг ғалабаси барчамизни қувонтириб, ғурур ва ифтихор бағишлади.

Президентимизнинг жорий йил 27 сентябрдаги фармонига биноан Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги шон-шуҳратини тараннум этишга катта ҳисса қўшганлиги, юртимизда спортни кенг оммалаштириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшлар онгида миллий ғурур, она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини кучайтириш борасидаги муносиб хизматлари учун боксчи ва мураббийлар фахрий унвон ва медаллар билан мукофотланди.

photo_2019-09-29_15-38-58.jpg

Хусусан, Фарғона вилояти ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг бокс бўйича мураббийи Баҳодир Эркаев “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони билан тақдирланди.

– Камтарона меҳнатларим Ватанимизнинг юксак унвони билан тақдирлангани зиммамдаги масъулиятни янада оширади, – деди Б.Эркаев. – Президентимиз раҳбарлигида соғлом ва баркамол авлодни шакллантиришга қаратилаётган улкан эътибор барча спорт турлари каби бокснинг ҳам жадал ривожланишида муҳим омил бўлмоқда. Яратиб берилаётган шароитлар сабаб, Осиё ва жаҳон чемпионларини тарбиялашга муяссар бўлдим. Энди эса мен бор куч-ғайратим билан Олимпия ўйинлари ғолибини камол топтиришни олий мақсад қилиб қўйганман.

Мамлакатимизда жаҳон талабларига жавоб берадиган кўплаб спорт иншоотлари, спортга ихтисослашган мактаб ва олимпия захиралари коллежлари қурилиб, уларда ўғил-қизларнинг спорт билан шуғулланиши, соғлом ва баркамол авлод бўлиб вояга етиши учун барча шароит яратилмоқда. Ватанимизнинг жаҳон спорт ареналаридаги обрў-эътибори янада юксалишида ушбу масканларда тарбияланаётган иқтидорли спортчилар билан бир қаторда малакали мураббийларнинг катта ҳиссаси бор.

photo_2019-09-29_15-39-02.jpg

Баҳодир ана шундай мураббийлардан бири. У дастлаб миллий кураш билан шуғулланган. Сўнгра укалари Шуҳрат, Ғайрат, Дилшод Маҳмудовларга ўрнак бўлиш учун 17 ёшида бокс тўгарагига борди. Тўгаракда дастлаб Валерий Глазунов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббийлар Станислав Бўтаев ва Ҳамид Деҳқоновлар қўл остида тажрибасини оширди. Боксга бўлган муҳаббат Баҳодирнинг жуда тез ўсишига туртки бўлди. У туман ва шаҳар миқёсидаги мусобақаларда тобланиб, илк ютуғини Андижон шаҳрида ҳар тўрт йилда ўтказиладиган Мустақиллик кубогида қўлга киритди. Шунингдек, бир қатор нуфузли мусобақаларда шоҳсупага кўтарилди.

Б.Эркаев оилада тўнғич фарзанд бўлгани боис, спортчилик фаолиятини эрта якунлаб, ўз укаларини юксак марраларга олиб чиқиш учун шароит яратиш ва мураббийларига бўлган ҳаваси сабаб 2000 йили мураббийлик фаолиятини бошлади. 2002 ва 2016 йилларда Фарғона вилояти ихтисослашган болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактаби бокс бўлими тренер-ўқитувчиси, 2016 йилдан бери эса Фарғона вилояти ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби бокс бўлими мураббийи бўлиб ишлаб келмоқда.

Мураббий бўлганидан сўнг у дастлаб укаси Дилшод Маҳмудовни юксак марралар сари етаклади. Дилшодга ўргатган сабоқлари унинг Осиё чемпионати ва Осиё ўйинларида ғолиб бўлишига, жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритиб, икки бора Олимпия ўйинларида иштирок этишига сабаб бўлди.

Шунингдек, Б.Эркаев мураббийлиги даврида Акмалбек Қосимов ва Миразизбек Мирзахалилов, Бобурмирзо Толибов, Акрамжон Мамажонов, Машҳурбек Рўзиев, Равшан Абдуназаров, Авазбек Акрамов, Ҳусанбой Мамарозиқов каби республика, Осиё ўйинлари, Осиё ва жаҳон чемпионлари ҳамда совриндорларини камол топтирди.

М.Мирзахалилов Баҳодир аканинг энг иқтидорли шогирдларидан биридир. Миразизбек 2016 йил Бекобод шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида кумуш медали соҳиби бўлган. Ўша йили Россиянинг Ханти-Мансийск шаҳридаги жаҳон кубогида бронза медали билан тақдирланди. 2017-2018 йилларда Қозоғистон, Россия ва Украинада ўтган халқаро турнирда ғолиб бўлди. Шунингдек, Миразизбек ўтган йили Жакарта шаҳри (Индонезия)да бўлиб ўтган XVIII ёзги Осиё ўйинларида олтин медални қўлга киритди.

2019 йил ҳам Миразизбек Мирзахалилов учун янада муваффақиятли ўтмоқда. У дастлаб Болгариянинг София шаҳрида ўтган халқаро турнирда ғолиб бўлди. Таиланднинг Бангкок шаҳрида Осиё чемпионига айланди. Энг муҳими, Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатда барча рақибларини енгиб, жаҳон чемпиони, дея эътироф этилди.

Президентимизнинг жорий йил 27 сентябрдаги фармонига мувофиқ, Миразизбек Мирзахалилов “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланди.

– Аввало, шундай юксак мукофотга муносиб кўрганлари учун Президентимизга миннатдорчилик билдираман, – деди Миразизбек Мирзахалилов. – Устозим Баҳодир ака сабаб, бир спортчи орзу қиладиган барча мусобақаларда ғолиб бўлдим. Мураббийим биз билан ўз фарзанди ва дўстидек муносабатда бўлади. Қалби дарё, меҳрибон инсон. Насиб этса, устозим билан биргаликда Олимпия ўйинларида ҳам ғалаба қозонаман.

Б.Эркаев нафақат спорт мактаби мураббийи балки Фарғона вилояти ёшлар терма жамоасининг бош мураббийи, ҳамда мамлакатимиз терма жамоаси мураббийидир. У муваффақиятли фаолияти, ватанга бўлган муҳаббати ва ёшларни тўғри йўлга бошлаб Ватан шарафини ҳимоя қилаётгани учун 2013 йил “Шуҳрат” медали билан мукофотланган.

Ҳа, Баҳодир Эркаев тажрибали Осиё ва жаҳон чемпионини тайёрлаган мураббий сифатида ҳали кўп вақт давомида шогирдлари билан бирга юксак чўққиларни забт этиши шубҳасиз. Бунинг учун юртимизда барча шароит ва имкониятлар яратилган.