Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон капитал бозори салоҳиятини рўёбга чиқаришга ёрдам беради
19:00 / 2019-11-15

Бугун, 15 ноябрь куни Тошкентда “Ўзбекистон иқтисодий тараққиётида капитал бозорининг ўрни” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.


Бугун, 15 ноябрь куни Тошкентда “Ўзбекистон иқтисодий тараққиётида капитал бозорининг ўрни” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан Олий Мажлис Сенати, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу йирик тадбир халқаро молиявий институтлар, йирик инвестиция компаниялари вакиллари, экспертлар учун ўзаро фикр алмашув, очиқ ва фойдали мулоқот имконини яратгани билан аҳамиятли бўлди. 

Конференция ишида қатнашган халқаро молиявий институтлар вакиллари ичида Осиё Тараққиёт банки (ОТБ) Вице-президенти Шисинь Чен ҳам бўлиб, у ўз чиқишида ОТБ Ўзбекистон ҳукуматига капитал бозори салоҳиятини рўёбга чиқариш учун таркибий камчиликларни енгишда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ОТБ ривожланаётган мамлакатларга ўз капитал бозорларини ислоҳ қилишда ёрдам бериш борасида катта тажрибага эга. Бу молия сектори фаолиятини диверсификациялаш, бозор капиталлашуви, барқарорлиги ва инвесторларнинг ишончини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

ОТБ капитал бозорини чуқурлаштириш ва мустаҳкам ҳуқуқий-меъёрий базасини яратиш мақсадида Ўзбекистонда молиявий бозорларни ривожлантириш бўйича янги дастурни тайёрламоқда. 

ОТБ Вице-президенти Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантиришнинг асосий омилларини ҳам санаб ўтди. Уларга кўра, капитал бозори ҳукуматнинг бозорни эркинлаштиришни ислоҳ қилиш воситаси бўлиши ва хусусийлаштиришнинг амалдаги режалари шароитида хусусий секторни молиялаштиришга ёрдам бериши мумкин. Капитал бозори инфратузилмани узоқ муддатли ривожлантириш учун энг самарали молиявий ечимларни таклиф қилади ва шу билан барқарор узоқ муддатли ўсишни рағбатлантиради. Асосан банк тизимидан молиявий воситачиликни диверсификация қилиш молиявий хатарларни бошқариш ва иқтисодий зарбаларнинг тизимли таъсирини чеклашга ёрдам беради.