Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 августдаги қарори билан Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат этиш тартиб таомилларини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор муҳим меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқланди.
Ўзбекистонда ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари асосан “Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга асосланади.
– Минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилишда қўлланиладиган воситаларни олиб кириш, ўрганиш, таҳлил қилиш, уларни муомаладан чиқариш ва йўқ қилиш тартибларини белгилаб берувчи янги низомлар тасдиқланди, – дейди Бухоро тумани Фитосанитария назорати давлат инспектори Барот Каримов. – Энди ушбу соҳадаги лицензия ва рухсатнома ҳужжатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати асосида махсус электрон тизим орқали расмийлаштирилади ҳамда Минерал ўғитлар ва кимёвий воситаларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланиш учун лицензиялаш паспорти хам жорий этилди.
– Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Солиқ қўмитасига 2024 йил 1 октябрга қадар кимёвий воситалар ва минерал ўғитларнинг мамлакатимиздаги айланмасини таҳлил қилиш, халқаро тажрибани ўрганиш ва уларни мажбурий рақамли маркирофкалашни жорий этиш бўйича таҳлиллар ишлаб чиқариш вазифаси юклатилди, – дейди туман Фитосанитария назорати давлат инспектори Маржона Баҳодирова. – Шу билан бирга Ўсимликлар карантини агентлиги, Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда хавф-хатарларни таҳлил қилиш ва автоматлаштирилган танлаб олиш механизмини амалиётга жорий этиши белгиланди.
Зариф Комилов, ЎзА