Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси ШҲТ доирасида кўп томонлама ҳамкорликни талаб этади
20:42 / 2022-05-17

Тошкентда 17 май куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўсимликлар карантини соҳасидаги вазирлик, идоралари раҳбарларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

ШҲТ Бош котиби Чжан Мин учрашув иштирокчиларига видеомурожаат йўллади.

Тадбирда ўзаро ишонч, манфаатли ҳамкорлик, тенг ҳуқуқ ва цивилизациялар хилма-хиллигини ҳурмат қилишга асосланган “Шанхай руҳи” тамойилидан келиб чиқиб амалга ошириладиган ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлар долзарб муаммолар ва стратегик вазифаларни ҳал этишда муҳим механизм яратиш имконини бериши алоҳида таъкидланди.

Маълумки, ўзаро савдони рағбатлантириш ва тузилмага аъзо мамлакатлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорини босқичма-босқич очишга кўмаклашиш, шунингдек, ўсимликлар карантини соҳасида фаолият юритувчи марказ ва лабораториялар илмий-тадқиқот салоҳиятини оширишга илмий-техникавий ёндашув ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари ҳисобланади.

[gallery-7136]

Шу маънода Ўзбекистон томонидан ШҲТга раислик доирасида ўсимликлар карантини соҳасида кўп томонлама ҳамкорликни ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро савдо-иқтисодий алоқани янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида янги форматдаги махсус платформа яратиш таклиф этилгани аҳамиятли. Зеро, ШҲТ қоидаларини жорий этиш, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва маҳсулотларни ташиш тартибини уйғунлаштириш бўйича халқаро конвенция ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан қабул қилинган стратегик мақсадларни амалга оширишга ёрдам беради. Шу тариқа Ўзбекистон ШҲТ доирасида жаҳон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшади. Кузатувчи давлатлар ва ҳамкорлар иштироки эса ўзаро манфаатли йўналишларни кенгайтиришга йўл очади. Буларнинг бари мамлакатимизнинг ўз вақтида илгари сурган истиқболли ташаббуси натижаси, дейиш мумкин.

Янги механизм кун тартибидан бир қатор долзарб масалалар ўрин олган. Хусусан, иштирокчилар ўз давлатлари ҳудудини тартибга солинадиган зарарли организмлар кириб келишидан ҳимоя қилиш, аъзо давлатлар ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини оширишга кўмаклашиши мақсадида ўсимликлар карантини бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, ушбу йўналишда тажриба ва ахборот алмашиш, шунингдек, назорат қилинадиган маҳсулотларни олиб ўтишда ўзаро таъсир ва кузатувни таъминлаш масалаларини муҳокама қилишди.

Бундан ташқари, томонлар ўсимликлар карантинини таъминлашда қўшма чора-тадбирлар, жумладан, ШҲТга аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгаши ва Ҳукумат раҳбарлари кенгаши қарорларини амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режаларини белгиланган муддатларда ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА мухбири