Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги 40-сонли умумтаълим мактабида мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари ва ошпазлар учун ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.
Унда болаларнинг соғлом овқатланишини таъминлаш, овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш ва ҳар бир таомни сифатли тайёрлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Семинарни Санэпидқўмита Боёвут туман бўлими мутахассислари ташкил этди. Унда 150 нафардан зиёд тиббиёт ходимлари ҳамда бош ва ёрдамчи ошпазлар иштирок этишди. Иштирокчиларга соғлом овқатланишнинг аҳамияти, маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш ва тайёрлаш қоидалари ҳамда санитария ва гигиена талаблари атрофлича тушунтирилди.

– Соғлом овқатланиш бола организмининг тўғри ўсиши ва ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга, – дейди Боёвут туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиғи Худойберди Ғаниев. – Шу боис ҳар бир маҳсулотни қабул қилиш ва тайёрлов босқичларига масъулият билан ёндашиш зарур. Ўрганишлар натижасида баъзи мактабгача таълим муассасаларида санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилинмаслиги, маҳсулотларни нотўғри сақлаш ва тайёрлаш каби камчиликлар аниқланди. Муҳими, олиб борилган тушунтиришлар ва назорат орқали улар бартараф этилди, бироқ келгусида ҳам мунтазам назорат давом этиши керак.

Семинар давомида иштирокчилар амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш учун кўргазмали материаллар, брошюралар ва методик қўлланмалар билан танишишди. Тажрибали мутахассислар овқат тайёрлаш жараёнидаги хатолар ва маҳсулотларни нотўғри сақлашдан келиб чиқиши мумкин бўлган саломатлик муаммолари ҳақида амалий кўрсатмалар ҳам беришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири