Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўшда Ўзбекистон мебель маҳсулотлари “Савдо уйи” очилади
18:55 / 2024-01-11

Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудудларда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган мебель маҳсулотларининг “Савдо уйи” ва “шоурум” ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Савдо -саноат палатаси Андижон вилоят бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ана шу йўналишдаги ишларда амалий натижага эришиш мақсадида Савдо- саноат палатаси вилоят бошқармаси вакиллари, Андижон вилоятида мебель ишлаб чиқариш ва тайёрлаш билан шуғулланаётган 20 нафардан ортиқ тадбиркор Ўш шаҳридаги "Мегаполис" савдо марказида бўлди. Бу ерда савдо кўргазмаларини ташкил этиш учун ажратилган майдонлар, марказда иш олиб борувчи тадбиркорларга яратилган имконият ва имтиёзлар билан яқиндан танишилди. 

“Мегаполис” савдо марказида қирғизистонлик мутасаддилар билан бўлиб ўтган учрашув ва музокараларда ҳамкорлик, савдо кўргазмаларини ташкил этиш, маҳсулотларни олиб келиш, солиқ тўловлари ва ҳамкорлик доирасидаги бошқа қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди. 

Учрашув давомида юртимиз тадбиркорлари ҳамкорлик бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан батафсил жавоблар олди. Бир қатор тадбиркорлар ҳамкорликни йўлга қўйиш истагини билдирди. 

– Қўшни давлат билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳар икки томон учун манфаатлидир, – дейди Савдо саноат палатаси Андижон вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Мансурбек Шербеков. – Бу билан юртимизда ишлаб чиқарилаётган мебель маҳсулотлари экспорти йўлга қўйилади, қўшниларимиз эса арзон, сифатли мебель маҳсулотларини ўз шаҳарларида харид қилиш имконига эга бўлади. 

Ушбу ҳамкорлик доирасида келгусида Ўш шаҳрида юртимизда ишлаб чиқарилган мебель маҳсулотлари “Савдо уйи”ни ташкил этишга келишиб олинди. 

Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири