Япониянинг Осака шаҳрида “World Expo 2025” анжумани доирасида Ўзбекистон миллий павильонининг расмий очилиши бўлиб ўтди.
Тантанали маросимда мамлакатимизнинг Япониядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раҳбари Гаянэ Умерова, Осака мэри Ёкояма

Хидеюки, лойиҳа меъмори Ширин Брюкнер иштирок этди.
Павильонимизга Нара шаҳри мэри Накагава Ген ҳам фахрий меҳмон сифатида ташриф буюрди.
– Мазкур нуфузли кўргазмадаги Ўзбекистон павильони маданият, технология ва барқарор ривожланиш масалалари бир ижод маҳсулида уйғунлашган макон, – деди элчимиз. – Танланган мавзу – “Билимлар боғи”. Дастурдан ўрин олган Япон қарағайи – “суги”, ўзбек сополи каби экологик тоза ашёлар табиат ва маҳаллий анъаналарга ҳурмат-эъзозни таъкидлайди. 360 даражали медиа қурилма томошабинларни Янги Ўзбекистонга элтиб, таълим, яшил энергия ва замонавий технология ютуқларини намойиш этади.

750 квадрат/метр майдонни эгаллаган, уч босқичдан иборат “Билимлар боғи” павильони лойиҳасини ишлаб чиқишда муаллифлар Хоразм вилояти, хусусан Хива шаҳридан илҳомланиб, барқарор технология ва универсал дизайн усулини қўллаган. Ўзига хос архитектура, бой маданий мерос ва замонавий ютуқлар жамланмаси томошабинларда жиддий қизиқиш уйғотмоқда.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА