Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Осакада электр жомадонда ҳаракатланган аёл жавобгарликка тортилди
15:50 / 2024-07-30

Япония электр жомадон ишлаб чиқаришни сусайтирмоқда, деб ёзди “Kyodonews” нашри.

Одамларни аэропорт ёки вокзалда тез ҳаракатланишига мўлжалланган электр двигатели билан ишлайдиган жомадон оммавийлашиб бораётгани, бундай мосламадан хорижлик меҳмонлар йўлларда ноқонуний фойдаланиши ҳолати кўпайгани мамлакат расмийларини хавотирга соляпти.  

Япония айниқса Осиёда кенг тарқалган электр жомадонни йўлда фақат зарур хавфсизлик ускунаси ва ҳайдовчилик гувоҳномаси билан ҳаракатланиш мумкин бўлган моторли транспорт воситаси сифатида таснифлайди.  

Кунчиқар юртдаги икки йирик аэропорт аллақачон йўловчилардан электр жомадон ишлатмасликни сўраган. Полиция чет эллик меҳмонлар тегишли қоида билан таниш эмаслигидан қўрқиб, маҳаллий чакана сотувчиларни хорижий харидорларни шундай қурилмалардан фойдаланиш бўйича қатъий қонунлар мавжудлигидан огоҳлантиришга чақирмоқда.  

Июнь ойида Осакада, пиёдалар йўлагида уч ғилдиракли электр жомадон билан ҳаракатланган хитойлик аёл лицензиясиз машина ҳайдагани учун Япония прокуратурасига топширилган биринчи шахс бўлди.  

Электр аккумулятори ва моторига эга жомадон соатига 10 километр тезликда ҳаракатлана олади. Японияда ўртача 100 000 йена – 640 доллар туради. Япония йўл ҳаракати қоидаларига кўра, жомадон 50 куб/см двигателли мини мотоцикл каби “моторли велосипед” тоифасига киради. Бундай транспорт воситаси рўйхатга олиниши ва орқа кўзгу ойнаси, бурилиш сигнали билан жиҳозланиши, ҳайдовчи эса дубулға кийиши ва жавобгарлик суғуртаси олиб юриши шарт.  

Токио яқинидаги Нарита аэропорти маъмурияти маълум қилишича, терминал биносидан фойдаланаётган баъзи йўловчилар ёнидан электр жомадонда ўтиб кетаётганлардан шикоят қилган. Айти музофотидаги Тюбу Сентрейр ва Осакадаги Кансай халқаро аэропортлари саёҳатчиларга ўз ҳудудида сайр қилмасликни тавсия этган.  

Сўнгги йилларда мотор ва аккумулятор технологиясидаги ютуқлар сабаб турли янги мобил қурилмалар пайдо бўлди. 2023 йил июль ойидан бошлаб, йўл ҳаракати қоидасига кўра, ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда фойдаланишга рухсат берилгандан буён Японияда электрон скутер билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса кескин кўпайган.  

– Янги ва кутилмаган транспорт турлари пайдо бўлиши давом этаверади, – дейди Вена технология университети транспорт институти катта илмий ходими Такеру Шибаяма.  

У моторли велосипед тоифасига кирувчи автомобиллар турини ҳисобга олган ҳолда мамлакатда электр жомадон билан ҳаракатланиш учун янги тасниф яратиш мақсадга мувофиқлигини муҳокама қилиш таклифини билдирди.  

М.Пирматова,

ЎзА