Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Орзуси устозларнинг ишончини оқлашдир
17:01 / 2023-09-13

Сирдарёлик ёш мусиқачи қиз Олима Маҳмудовани бугунги кунда нафақат республикамизда, балки хорижда ҳам яхши билишади. Олима ёш бўлишига қарамай кўплаб халқаро танловларнинг ғолиби. Олима ҳозирги кунда Ўзбекистон давлат консерваториясининг 3-курсида таҳсил олмоқда.

–Онам ёшлигида скрипка чолғусига жуда қизиққан. Лекин ўқишнинг имкони бўлмаганлиги учун менинг мусиқачи бўлишимни орзу қилган экан, –дейди Олима. – Онам мени Гулистон шаҳридаги 1-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабига олиб борди. Таътил пайти бўлганлиги учун фақат чанг ўқитувчисидан бошқа ҳеч ким йўқ экан. Кейин у менга чанг чолғусини кўрсатиб, куйлар чалиб берди. 2014-2019 йилларда шу ерда ўқиб, биринчи устозларим Зарина Худойбердиева ва Эркиной Ҳайдаровадан чанг чалиш сирларини ўргандим. Кейин Гулистон ихтисослаштирилган санъат мактабида ўқишни давом эттирдим. У ерда Маҳфуза Маматқулова қўлида сабоқ олдим. 2021 йили мактабни тамомлаб, Ўзбекистон давлат консерваториясига давлат гранти асосида ўқишга кирдим. Ҳозир консерваторияда устозим Аҳаджон Мамадалиевдан чанг илмини ўрганиб келмоқдаман. Менда мусиқа санъатига, халқимизнинг қадимий созларидан бири бўлган чанг чолғусига бўлган ҳавас уйғотган, пухта билим бериб, истеъдодимни намоён этишга, синовлардан ўтишимга сабабчи бўлган барча устозларимдан беҳад миннатдорман.  

Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Халқ чолғулари” йўналишида дарс бераётган мутахассислар, Аҳаджон Мамадалиев истеъдодли талабанинг интилиш ва изланишларига алоҳида эътибор қаратди. Ёш мусиқачи пухта билим олиш билан бирга амалиёт сабоқлари натижаларига кўра кўпчиликка намуна бўлмоқда. У буюк ўзбек ва жаҳон композиторларининг энг сара асарларини моҳирона ижро этади. Албатта, ундаги ўқишга, мусиқага чанқоқлик ўз самараларини кўрсатди. Шу ўтган қисқа давр ичида Олима жуда кўплаб халқаро ва республика кўрик-танловларида муваффақиятли иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда.  

Олима 2020 йили Италиянинг Санремо шаҳрида ўтказилган халқаро кўрик- танловда иштирок этиб, 2-даражали диплом билан тақдирланди. Олима учун 2021 йил энг омадли йил бўлди. У Россия Федерациясида ўтказилган халқаро “В МИРЕ ДЕТСТВА” ва “ЮНЫЕ ТАЛАНТЫ” ва “Золотая Лира” онлайн танловларида ҳамда “NEW YEAR PLANET танловида, Германияда ўтказилган “ХОРИЗОНТ ДЕР КУНСТЕ” халқаро танловида 1-ўринни олиб, 1-даражали дипломлар билан тақдирланди. Шунингдек, “Найдал” –2022” IV Халқаро мусиқа танловида иштирок этди ва Россия ва Осиё –Тинч океани минтақаси халқлари миллий асбоблари” номинацияси бўйича диплом соҳибаси бўлди.  

Олима йўналиши бўйича яхши натижаларга эришиш учун ўз устида тинмай ишлаш билан бирга илмий ишга ҳам қўл урди. Унинг қатор мақолалари хорижий нашрларда, жумладан, АҚШ, Индонезия, Украина ва бошқа давлатлардаги нуфузли журналларда чоп этилди. Катта саҳналарда машҳур композиторлар, жумладан, Озарбайжон композитори Ғ.Ризаевнинг “Рапсодия”си, рус композитори И.Фроловнинг “Испанская фантазия” мусиқаси ва бошқа куйларни маҳорат билан ижро этиб, томошабинларнинг олқишини олганида, онасининг орзулари ушалганида дунёдаги энг бахтли қиз эканлигини ҳис этди.  

Ҳар йили янада катта ютуқлар, ғолиблик дипломлари билан нуфузли танловга ҳозирлик кўради. Синовлар уни чиниқтиришини, тоблашини яхши англайди. Олиманинг орзуси келажакда етук мусиқачи бўлиб, жаҳон саҳналарида ўзбек санъатини шарафлаш ҳамда ота-онасининг, устозларининг ишончини оқлашдир.  

Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири