Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Орзулар харитаси
15:10 / 2026-02-23

Инсон ақлини танибдики, нимагадир интилиб яшайди. Ана шу ондан бошлаб орзуларнинг кичик йўлига қадам қўйилади. Умуман олганда, орзулар инсонларнинг ажралмас йўлдоши. Етти ёшдан етмиш ёшгача ҳар кимнинг ўзига хос орзу-умидлари бор. Аслида ана шу умид билангина инсон умри мазмунли. Бироқ, мақсад сари элтувчи йўлнинг аҳамияти шу қадар муҳимки, баъзан бу йўл кишининг ҳаётини бутунлай тескари томонга ўзгартириб юборади.

Дунёни англаган оқил кишиларнинг мантиққа асосланган оддий ҳикмати бор: текис йўлдан юришнинг ўзигина манзилга тез етиб боришни кафолатламайди, чунки у йўлда юрувчилар кўплиги боис ҳаракат чекланиши ҳам кузатилиб туради. Донолар биз англамаган оддий ҳақиқатларни рад этиб бўлмас шаклда уқтиргани учун ҳам донодирлар. Эътибор берилса, юқоридаги фикрда нақадар гўзал ҳикмат ва ҳақиқат мужассам.  

Аввало, мақсадларга эришиш йўлида тўсиқ бўлиши табиий. Аммо баъзан киши “мен тўғри йўлда эдим-ку, нега ниятимга эриша олмаяпман”, деган ўй билан ҳам яшайди. Ҳикматнинг мазмуни айни шуни изоҳлайди. Ҳаётда сен каби мақсадлилар ва сен каби ҳаракатланаётганлар ҳам талайгина, фақат ҳамма бир вақтда унга эришиб қолмайди. Ким кейин, ким олдин.

Таъкидлаш жоизки, равон йўл дея яхшилар юрадиган йўл ҳақида сўз бормоқда. Ана шундай эзгу мақсадлар сари интилаётган оқил кишиларга қарата ҳазрат Алишер Навоий шундай дейди:

Йўл яхши-ю ёмонидан ема ғам,

Бисмиллоҳ дегин-у, қўйгил қадам.

Таассуфки, фақат қинғир йўл билан ўз мақсадига эришадиганлар ҳам атрофимизда йўқ эмас. Уларнинг касрига қолиб, муносиб қадрланмаган инсонларни кўрганда киши беихтиёр ачиниш ҳиссини туяди. Шунинг учун ҳам орзуларимиз йўли эзгулик харитасидан иборат бўлгани мақсадга мувофиқ. Шундагина англаганимиз ҳикмат, топганимиз ҳиммат бўлади.

Шербек Исломов, ЎзА