Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги Дўрмон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 3-умумий ўрта таълим мактабида 638 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мазкур умумтаълим мактабининг Кўлобод қишлоғида кичик филиали ҳам бор. Бу филиал 1975 йилда шийпон сифатида барпо этилган.
Кейинчалик зарурат тақозоси билан мактаб биносига мослаштирилган. Асосий бинодан тўрт ярим километр узоқликда жойлашган мазкур бинода айни пайтда 30 нафар бошланғич синф ўқувчиси таълим-тарбия олмоқда.
Кўпдан буён бинода ўқиш учун қулай шароитларнинг етарли эмаслиги ота-оналарни ташвишга солиб келаётган эди.
Машинаси, имконияти бўлган ота-оналар гарчанд узоқ бўлса-да, фарзандларини бош бинода ўқитишга ҳаракат қиларди. Aммо моддий имконияти чекланган оилаларнинг фарзандлари ана шу мослаштирилган бинода ўқишга мажбур эди.
Мактаб вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алиев томонидан оталиққа олинди. Кўлободдаги филиал биносини янгидан қуриш борасида кўрсатган ташаббуси бу кемтикликларнинг ўрнини тўлдирди. Ота-оналарнинг кўп йиллик орзулари рўёбга чиқадиган бўлди.
– Замонавий типдаги 80 ўринли ушбу мактаб филиалининг янгидан бунёд этилиши ўқувчи-ёшлар, уларнинг ота-оналари, бу ерда фаолият олиб бораётган педагоглар учун чинакам қувончли воқеа бўлди, – дейди мактаб директори Дилафрўз Ахмедова. – Ушбу зиё маскани қурилиши учун вилоят ИИБ ва туман ҳокимлиги томонидан 1 миллиард 171 миллион 308 минг сўм маблағ ажратилган бўлиб, айни пайтда қурилиш ишлари жадал бошлаб юборилган.
Вилоятдаги 14 та умумтаълим мактаби Ички ишлар бошқармаси томонидан оталиққа олинган. Айни пайтда мазкур мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш, улар орасида ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг келиб чиқишини олдини олиш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА