Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Орзулар дунёси” акцияси
15:02 / 2025-05-26

Бухорода Халқ демократик партияси вилоят кенгаши ҳамда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилоти ҳамкорлигида “Орзулар дунёси” акцияси ўтказилди. Унда вилоят шаҳар-туманларида истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган ёшлар қатнашди.

Акция давомида иштирокчилар учун маданий-маърифий дастурлар ташкил этилди. Саҳнада жўшқин куй-қўшиқлар янгради, рақс жамоалари ўз чиқишлари билан барчага яхши кайфият улашди. Тадбир иштирокчиларининг юзларидаги табассум, кўзларидаги ишонч ва шижоат ташкилотчиларни қувонтирди.

– Тадбирнинг яна бир эътиборли жиҳати – ногиронлиги бўлган ёшлар томонидан тайёрланган қўл меҳнати маҳсулотлари намойиш этилган кўргазма бўлди. Унда ҳунармандчилик маҳсулотлари, расмлар, гул композициялари ва бошқа ижодий ишланмалар тақдимот қилинди. Шунингдек, кўргазма доирасида кимошди савдоси йўлга қўйилиб, тадбир меҳмонлари турли буюмларни харид қилиш орқали акцияда иштирок этган ёшларга ўз эътиборларини изҳор этди, – дейди Халқ демократик партияси вилоят кенгаши раиси Зулфия Туева.

Бу каби тадбирлар ёш авлоднинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда тенг ҳуқуқли ҳаётга бўлган ишончларини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади. 

Тадбир якунида энг фаол иштирокчилар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.