Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Орзулар дунёси” акцияси ғолиблари аниқланди
17:13 / 2025-05-17

Термиз шаҳридаги Рўзи Чориев номидаги Сурхондарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида ХДП вилоят кенгаши ногиронлиги бўлган ёшлар учун “Орзулар дунёси”, деб номланган акция ташкил этди.

Вилоят ногиронлар жамияти, вилоят маданият бошқармаси, Рўзи Чориев номидаги Сурхондарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ва бошқа ҳамкорлар билан ўтказилган тадбирда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ногиронлиги бор истеъдодли ёшлар иштирок этди.

Ногиронлиги бўлган ёшларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириш ва уларга ўз истеъдодларини намоён этиш имконини яратиш, жамиятдаги фаол иштирокини таъминлаш, ижтимоий инклюзияни кучайтириш ва уларни қўллаб-қувватлаб, ижодий ишларини кенг жамоатчиликка тақдим этиш, ижодий ҳамкорлик ва тажриба алмашиш муҳитини шакллантириш каби мақсадларга йўналтирилган акция доирасида қўл меҳнати ярмаркаси ва иштирокчилар танлови ҳам ташкил этилди.  

Акция иштирокчилари расмлар, графика, ҳайкалтарошлик, санъат инсталляциялари каби ўз ижодий ишларини нуфузли ҳакамлар ҳайъатига тақдим этди. Шунингдек, ярмаркада намойиш этилган қўл меҳнати ишларини ҳам ҳакамлар ҳайъати эътибор билан кўриб чиқди. Ҳар икки босқичда етарли балл тўплаган қатнашчилар ғолиблар сафидан ўрин олди.  

Тадбир якунида Термиз шаҳрилик София Валиева фахрли биринчи ўринни эгаллаб, акциянинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи ўрин шерободлик Гулсора Бўриевага насиб этди. Термиз туманилик Фарзона Самадова учинчи ўринга сазовор бўлди.

Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири