Бухоро вилояти Вобкент туманининг Мирвоши маҳалласида яшовчи Сарвиноз Раҳимова узоқ йиллар давомида ўз касбини йўлга қўйиш орзусида юрган эди. Аёллар сартарошлигига бўлган қизиқиши уни доимо илҳомлантириб келса-да, фаолият бошлаш учун турли тўсиқ бунга йўл бермасди.
Маҳалла ижтимоий ходими Отажон Маҳмудов томонидан хонадонда ўтказилган ўрганишдан сўнг унинг орзуси эътиборсиз қолмади. Маҳалладаги янги бино ичидан Сарвиноз опа учун замонавий гўзаллик салони очиш учун махсус хона ажратилиб, у тўлиқ жиҳозлаб берилди. Энди Сарвиноз опа севимли касби орқали ойига ўртача 1,5 миллион сўм даромад топмоқда. Бу эса оиланинг моддий аҳволини яхшилашда муҳим омилдир.

Сарвиноз опанинг икки фарзанди бепул тўгаракларга жалб этилди, қолган икки нафар кичик ёшдаги болалари эса имтиёзли равишда боғчага жойлаштирилди. Бундан ташқари, “Маҳалла еттилиги” кўмагида тикув машинаси субсидия асосида топширилди ва оиланинг қўшимча даромади учун иссиқхона қурилишига имтиёзли кредит ажратилди.
Мирвоши маҳалласида 2 876 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 72 нафари ногиронлиги бўлган фуқаролардир. Ҳозирда маҳаллада 28 та оила “Камбағаллик реестри”да қайд этилган бўлиб, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.