Қонунчилик палатаси мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм ва маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, жумладан, аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, айрим тоифадаги шахсларга солиқ имтиёзларини тақдим этиш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини янада соддалаштириш зарурати юзага келмоқда.
[gallery-22327]
Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ортиқча ундирилган солиқ суммасини солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлари учун ҳисобга олиш тартибини соддалаштириш, айрим тоифадаги шахсларга солиқ имтиёзларини тақдим этиш ҳамда солиқ маъмурчилигини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини бартараф этишда қатнашган шахсларни ҳамда маҳалла сервис компанияларини рағбатлантириш ва уларни қўллаб-қувватлаш, сув ҳажми бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоботларини автоматик тарзда шакллантириш тартибини жорий этиш орқали солиқ маъмурчилиги янада такомиллаштирилди.
Моддама-модда муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА