Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда. Республика бўйлаб аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, муаммоларнинг ҳал этилиши ва фуқароларнинг манфаатлари таъминланмоқда.
Бу борада Рақобат қўмитасининг ҳар бир вилоятдаги ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилаётган ишлар натижасида истеъмолчиларнинг ортиқча тўланган маблағлари қайтариб берилмоқда, асоссиз қарздорликлар бекор қилинмоқда, техник носозликлар бартараф этилмоқда.
Қўмитанинг Андижон вилояти ҳудудий бошқармасига фуқаро У.А. томонидан “Texno mebel” дўконидан сотиб олинган телефон учун ортиқча 1 500 000 сўм ечиб олингани ҳақида мурожаат келиб тушди. Ўрганиш давомида шартнома онлайн тарзда, техник хатолик билан бошқа маҳсулотга расмийлаштирилгани аниқланди. Натижада истеъмолчига ортиқча ечиб олинган пул маблағи қайтарилиб, мурожаат ижобий ҳал этилди.
Бухоро вилояти ҳудудий бошқармасига фуқаро Н.Баракаевнинг қилган мурожаатида электр ҳисоблагичнинг алоқа модули ишламаслиги ва электр корхонаси томонидан янгисига алмаштириб берилмаётгани билдирилган. Мурожаат ҳудудий бошқарма томонидан ўрганилиб, кўрилган чоралар натижасида “Бухоро ҲЭТК” АЖ томонидан алоқа модули янгисига алмаштирилди.
Навоий вилоятида яшовчи Фуқаро С.Х.нинг “Ишонч телефони” орқали йўллаган мурожаати ҳудудий бошқарма томонидан ўрганилди. Мурожаатда фуқаро “Paynet” шохобчаси орқали 800 000 сўм тўлов амалга оширгани, лекин маблағ пластик картага тушмагани билдирилган. Олиб борилган ишлар натижасида “Paynet” АЖ томонидан ушбу сумма С.Х.нинг картасига ўтказилиши таъминланди ва мурожаат ижобий ҳал этилди.
Шунингдек, Фарғона, Наманган, Жиззах вилоятида яшовчи фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар ҳам ўрганилиб, ижобий ҳал қилинди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА