Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан “Қизилқум” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган газ қуйиш шохобчаси хизматидан фойдаланган фуқаро Д.К.нинг пластик картасидан ортиқча ечиб олинган 3 миллион 600 минг сўм маблағни қайтариб олишда амалий ёрдам сўраган мурожаати ўрганилди.
Маълум бўлишича, истеъмолчи автомобилига ёқилғи қуйиш мақсадида “G” газ сервис масъулияти чекланган жамияти ёқилғи қуйиш шохобчасига боради. Автомобилга қуйилган ёқилғи учун 400 минг сўм тўловни амалга ошириш жараёнида мазкур масъулияти чекланган жамияти ходимлари томонидан истеъмолчи Д.К.нинг пластик картасидан ортиқча 3 миллион 600 минг сўм пул ечиб олинади. Фуқаро ортиқча ечилган маблағни қайтариб олиш мақсадида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизимида ташкил қилинган 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефонига мурожаат қолдиради.
Мазкур мурожаат Нукус шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиб, ортиқча ечилган маблағ ўз эгасига қайтарилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА