Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
 Ортимизда Ўзбекистон борлигига яна бир бор ишондик...
17:51 / 2026-03-10

Ҳар бир инсон турли диёрларда саёҳат қилишни истайди, турфа мамлакатлар билан яқиндан танишув одамга бой таассурот, янги хотира ва ўчмас из қолдиради. Аммо кутилмаган лаҳзалар ҳам борки, улар киши қалбида Ватан қадрини янада теранроқ ҳис эттиради.

Яқинда Қатарга саёҳатимиз дастлаб гўзал ва ёқимли таассуротлар билан бошланди. Бу ердаги осмонўпар замонавий бинолар, текис ва равон кўчалар, ҳавас қилса арзийдиган метро, баҳаво денгиз, ўзига хос араб маданияти – барчаси саёҳатга чиққан инсон қалбида илиқ ҳис-туйғуларни уйғотади, руҳингизни кўтариб юборади.

Бироқ кутилмаганда телефонларимизга келган огоҳлантириш сигналларидан, яқин-олисдаги портлаш овозларидан ваҳимага тушдик. Ҳаммамиз меҳмонхонага ўзимизни урар эканмиз, юрагимизда “Ватанга қайта олармикинмиз, нега бундай нохуш ҳодисалар юз бераяпти”, деган ўйда қаттиқ саросимага тушиб қолдик.

Ҳадигимиз соат сайин, кун сайин улканлашиб борарди. Бундай хатарли ҳолатларда биринчи галда кўз ўнгимизда юртимиз, оиламиз, яқинларимиз келиши табиий. Ана шу таҳликали лаҳзаларда киши бир ҳақиқатни теран англайди: дунёдаги энг катта хотиржамлик – Ватан тинчлиги, осойишталигидир.

“Энди нима бўлади?” саволи бу ердаги барчамизни қайнар эди. 

Шунда тушундимки, ҳаловатинг бўлмаса саломатлигинг ҳам бўлмас экан. Шундай дамларда вақтни секин ўтиши кишини бетоб қилади. Қон босимим ошиб кетди, барчамиз тушкун ва оғир аҳволда қолдик.

Кўп ўтмай Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг топшириқлари асосида дипломатик ваколатхоналар ва элчихоналар тезкор ҳаракатга келди. Бу борада Қатардаги элчихонамиз алоҳида шиддат ва уюшқоқлик кўрсатганини эътироф этишни истар эдим. Ҳар бир ўзбекистонликлар билан мунтазам алоқа ўрнатилди, телеграм гуруҳлари очилди, қаердалигимизни тезда аниқлаб, меҳмонхонага келишиб, ҳолимиздан хабар олишди.

Туну кун хавфсизлик масалалари юзасидан зарур кўрсатмалар беришди, вазмин бўлишимизни тушунтиришди, ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтиб руҳимизга дармон-малҳам бўлишди. Ҳар бир ватандошларга далда ва меҳр беришди, ифторлик дастурхонларини ёзишди.

Барака топишсин, ҳатто сафар муддати аллақачон тугаб, лекин чиқиб кетолмай қолганларни ҳам бепул меҳмонхона ва уч маҳал иссиқ овқат билан таъминлашди. Айниқса, элчи Ашраф Ходжаев, маслаҳатчи Маҳмуджон Маҳмудовнинг бизга хавотирли лаҳзаларда кўрсатган чин ака-укалик эътибори сабабли худди туғишганлардай қадрдон бўлиб қолдик, Рамазон ойининг шундай кунларида дуолар қилдик.

Хориждаги машаққатли дамларда инсон қалбида битта мақсад устун келади – юртга қайтиш, она замин ҳавосини тўйиб-тўйиб сипқориш ва яқинлари ёнида бўлиш. 

Қатар осмони тўлиқ ёпилгач, Элчихонамиз ходимлари бизни махсус автобусларда Саудия Арабистонигача кузатиб қўйишди. Саудия чегарасида эса бизни ушбу араб давлатидаги дипломатик миссиямиз вакиллари қучоқ очиб кутиб олишди ва она юртга учиб кетгунимизча елкама-елка туриб ёнимизда бўлишди. Билетларимиз ҳам куймади ва қўшимча ҳақ тўламадик. 

Президентимиз раҳнамоликларида ташқи ишлар вазирлигининг бундай чексиз ғамхўрлиги ва эътибори, аввало, янги Ўзбекистон сиёсатида инсон қадри, оддий одамлар манфаати энг устувор ўрин тутаётганидан далолат беради. Биз билан келган ҳар бир ҳамроҳимиз юртимиз фуқароларининг ҳуқуқ ва хавфсизлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганига ишонч ҳосил қилди. Чет элда қийин ҳолатга тушиб қолган юртдошлар тақдирига бефарқ бўлмаслик, уларга зарур пайтда ёрдам қўлини чўзиш ана шу халқчил сиёсатнинг амалий ифодаси, деб қабул қиламиз.

Ваҳоланки, кўплаб бой хорижий давлатлардан келганлар ҳам ҳанузгача ўз юртларига уча олмаганларидан яхши хабардормиз ва улар бизга ҳавас билан қараб қолишди. 

Бугун дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, биз сингари барча ўзбекистонликларни қўллаб-қувватлайдиган, самарали ҳимоя қиладиган тизим яратилган. Ортимизда жонажон Янги Ўзбекистон борлигини Қатардаги мураккаб воқеалар шароитида теран ҳис этади. Аэропортдан қадам қўяр эканмиз, она заминнинг дилтортар меҳригиёси энг ишончли паноҳ эканига юрак қўримиз билан амин бўлдик. Чексиз раҳмат Сизга, муҳтарам Президентим!

Зебо ОМОНОВА,

шоира ва журналист