Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида “GLOBOGATE Concept AG” компаниясининг Ўзбекистондаги “Германия тиббиёт академияси” лойиҳаси координатори Нодира Тиллашайхова ҳамда компаниянинг Ўзбекистондаги рекрутинг бўйича координатори Акмал Абдужабборов билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Швейцариянинг “GLOBOGATE Concept AG” компаниясининг Ўзбекистон ва Германия ўртасида тиббиёт соҳасида таълим ва карьера имкониятларини боғловчи йирик халқаро дастурни амалга оширишни мақсад қилган лойиҳа, ўқув йўналишлари, Германияда малака ошириш ҳамда иш фаолиятини давом эттириш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, иштирокчилар учун немис тили курслари, касбий малакани халқаро даражада тан олинишига оид дастурлар ва ҳамкорлик истиқболлари ҳақида тушунтиришлар берилди.
Таъкидланганидек, ўқишга номзодлар “Ҳамширалик иши” ёки “Даволаш иши” йўналишида техникум ёки коллежни тугаллаган бўлиши, соҳа бўйича камида 3 йиллик иш стажига эга бўлиши, фақат стационар, яъни шифохона ва касалхона бўлимларида ишлайдиган, беморларни парвариш қилиш билан шуғулланувчи бўлиши ҳамда ёши 36 ёшдан ошмаган бўлиши лозим.
Талабгорлар учун ўқувлар бепул ташкил қилинади. Барча харажатлар компаниянинг ўзи томонидан тўлиқ қопланади. Ҳар бир гуруҳда 20-25 нафаргача номзодлар тўпланиб, ўқувлар йўлга қўйилади. Ўқувлар 8-10 ой давом этиб, унда талабгорларга немис тили ўқитилади. Ўқув давомида талабаларга дастурда белгиланган миқдорда стипендия ҳам тўланади.

Тилни ўрганиб, халқаро сертификатни қўлга киритган талабалар Германияга ишга юборилади.
Мазкур ташаббус мамлакатимиз тиббиёт соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўрта бўғин тиббиёт ходимларининг малакасини янада ошириш ва уларнинг хорижий тажрибадан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА