Сўнгги йилларда жамиятимизнинг турли соҳаларида хотин-қизлар ижтимоий фаоллиги ортиб, ташаббус ва интилишлари давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Эндиликда аёлларимиз тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги тармоқларида фаол.
Мен фермер сифатида Ўрта Чирчиқ туманида “Ким Пен Хва чорва” фермер хўжалиги наслли қорамолчилик ва сутчилик йўналишида 2014 йилдан буён фаолият юритаман. Хўжалигимизнинг умумий ер майдони – 70 гектар бўлиб, 4,6 гектарида қорамолларни боқиш учун махсус ферма мавжуд.
Вилоятда аҳолига сут етказиб беришни самарали ташкил этиш мақсадида 2019 йил Германия ва Австрия давлатларидан 165 бош, 2020 йилда эса яна 100 бош наслли голштейн қорамолларини келтирган эдик. Ҳозирда хўжаликда жами 510 бош наслли қорамолларимиз бўлиб, ишимиз унумдорлиги янада ортди.
Мен ўз оиламда оддий уй бекаси, фарзандларимнинг меҳрибон онасиман. Лекин шу билан бирга, ўз касбимга ҳам талабчанлик билан ёндашаман. Ўтган йиллар чорвадор-фермер сифатида тажриба орттиришим учун муҳим аҳамият касб этди. Ҳукуматимиз томонидан биз тадбиркорларга берилаётган эътибор ўз самарасини бермоқда. Эндиликда қорамолларга ем-хашак етказишда ерлардан унумли фойдаланяпмиз. Далаларда агротехника тадбирларига қатъий амал қилиниши натижасида сут етказиб бериш режали асосда ортиғи билан бажарилмоқда. Сутни соғиб олиш замонавий усулда бўлиб, маҳсулот Тошкент шаҳридаги “Мусаффо”, “Сир данкор”, “Дон милк”, “Милек” корхоналарига етказиб берилмоқда.
Ўтган йили бошланган коронавирус пандемияси даврида 30 миллион сўмлик ҳомийлик ишларини амалга оширдик. Маҳалладаги кам таъминланган 10 та оилага доимий равишда моддий ёрдам кўрсатиб келяпмиз. Бундан ташқари, фермер хўжалигимизда кўпроқ ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида ҳудудда қўшимча қурилиш ишларини амалга оширяпмиз. Қурилиш ишлари якунланиши натижасида ҳозирги кунда 25 нафар аҳолини доимий иш билан таъминладик.
Умуман олганда, ишлайман, оиламга ва Ватанимизга фойда келтираман, деган инсонлар давлатимиз томонидан етарлича қўллаб-қувватланмоқда. Мен бу рағбатни охирги йилларда янада кўпроқ ҳис қилдим. Шундай экан, мақсадларим кўп. Ишлашдан бир дақиқа ҳам тўхтамайман. Ҳудудимизда янгидан янги лойиҳаларни амалга оширамиз.
Юлия Сергеева,
Ўрта Чирчиқ тумани
"Ким Пен Хва чорва" фермер
хўжалиги раҳбари.