Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўрта асрларда рудадан тоза олтин олишнинг сирли усуллари
08:29 / 2025-11-14

Қадим замонларда, тоғ жинслари орасида яширинган қимматбаҳо металларни ажратиб олиш бугунги кун нуқтаи назаридан деярли имконсиздек туюлади. Замонавий кимёвий реактивлар, кучли майдалагичлар ва мураккаб технологиялар бўлмаган бир шароитда аждодларимиз нафақат кумуш ёки мис, балки кўзга кўринмас зарралар ҳолида тарқалган олтинни ҳам рудалардан қандай қилиб ажратиб ола билган?

Бу саволга жавоб ўрта аср кончилари ва металлургларининг топқирлиги ҳамда табиат қонунларини чуқур билганидан далолат беради. Улар қўллаган усуллар оддий, аммо ўта самарали бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз даври даҳосининг маҳсулидир. Академик Юрий Буряковнинг “Ўрта асрлар Илоқида кончилик иши ва металлургия” номли тадқиқотида келтирилган маълумотлар бизга бу жараённинг айрим сирларини очади.

Олтин қазиб олиш бир неча босқичдан иборат бўлган. Дастлаб, таркибида олтин бўлган кварс ёки бошқа тоғ жинслари конлардан қазиб олиниб, махсус майдончаларга олиб келинган. Бу ерда йирик тошлар махсус тош болғалар ёрдамида майдаланган. Конлардан топилган оғирлиги 300–550 граммгача бўлган, ишқаланишдан силлиқ бўлиб қолган дарё тошлари айнан шу мақсадда ишлатилган. Шундан сўнг майдаланган руда янада майдароқ бўлакларга ажратиш учун тошдан ясалган тегирмон тошларига ўхшаш ёрғучоқларда эзилган. Буюк олим Беруний ўзининг асарларида ёзишича, олтин тош билан шунчалик бирлашиб кетган бўладики, уни фақат майдалаш ва эзиш орқалигина ажратиб олиш мумкин. Қазилма ишларида топилган йирик ва оғир ёрғучоқ тошлари айнан шу мақсадда хизмат қилган.

Кейинги босқич – бу бойитиш, яъни майдаланган рудадан енгил, кераксиз жинсларни ажратиб, оғир олтин зарраларини қолдириш эди. Бу жараёнда энг кўп қўлланилган усул – сув ёрдамида ювиш бўлган. Оқиб турган сув (ариқ ёки сой) ёқасига махсус лотоклар (новлар) ўрнатилиб, майдаланган руда шу новларга солинган ва сув билан ювилган. Сув оқими енгил қум ва тупроқни оқизиб кетган, оғир олтин зарралари эса новнинг тубида чўкиб қолган. Бу жараён бир неча марта такрорланиб, олтин консентрацияси оширилган. Агар оқар сув бўлмаса, рудани шамолда совуриш усулидан ҳам фойдаланилган. Рудани махсус ғалвирларда элаб, енгил чанг-тўзонни шамол учириб кетишини таъминлашган ва оғирроқ қисмини кейинги босқич учун олиб қолишган.

Аммо энг ҳайратланарли ва ўз даври учун юксак технология ҳисобланган усул – бу амалгамация, яъни симоб ёрдамида олтинни ажратиб олишдир. Чотқол-Қурама тоғларидаги олтин конларида олтин кўпинча майда, кўзга кўринмас зарралар шаклида учрайди. Бундай олтинни оддий ювиш усули билан тўлиқ ажратиб олиш имконсиз эди. Аждодларимиз симобнинг олтинни ўзига “ютиш” хусусиятини жуда яхши билишган. Беруний бу жараённи қуйидагича тасвирлайди: “Олтин зарралари симоб билан бирлашганда, симоб уларни ютади ва ўзига қўшиб олади”. Ювиб, бойитилган қумга симоб қўшилган ва аралаштирилган. Симоб барча олтин зарраларини ўзига бириктириб олгач, ҳосил бўлган аралашма (амалгама) махсус чарм халтачаларга солиниб сиқилган. Ортиқча симоб халтача тешикларидан оқиб чиққан, олтин билан бириккан қисми эса ичкарида қолган. Сўнгра бу амалгамани қиздиришган. Симоб паст ҳароратда буғланиб учиб кетган, соф олтин эса идиш тубида қолган. Бу усул нақадар хавфли бўлишига қарамай (симоб буғлари жуда заҳарли), у майда заррали олтинни ажратиб олишнинг энг самарали йўли ҳисобланган.

Шундай қилиб, ўрта аср кончилари механик ва кимёвий жараёнларни ўзида бирлаштирган мураккаб технологик занжирни йўлга қўя олганлар. Тош болға ва ёрғучоқлар билан майдалаш, сув оқимида ювиб бойитиш ва ниҳоят, симоб ёрдамида олтинни якуний ажратиб олиш – бу босқичларнинг ҳар бири чуқур билим, тажриба ва маҳоратни талаб қилган. Бу бизга аждодларимизнинг нафақат жасур кончилар, балки ўз даврининг билимдон металлурглари ва кимёгарлари ҳам бўлганини кўрсатади. Улар табиат инъом этган неъматларни ақл-заковат ила ўзлаштириб, цивилизация ривожи учун хизмат қилдира олганлар.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА