Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўрта асрларда пулнинг қадрсизланишига қарши қандай курашилган?
09:18 / 2026-01-09

Иқтисодий инқирозлар, инфляция ва пул қадрининг ўзгариши фақат замонавий дунёга хос бўлган ҳодисалар эмас. Ўрта асрларда ҳам давлатлар мураккаб молиявий муаммоларга дуч келган ва уларни ҳал этиш учун ўта нозик, баъзан эса ҳайратланарли даражада омилкор усулларни қўллаган. Шунга ўхшаш усуллардан бири – мавжуд тангаларга махсус тамға уриш орқали уларнинг қийматини ўзгартириш ёки муомала ҳуқуқини узайтириш амалиёти эди. XV аср охири ва XVI аср бошларида Мовароуннаҳрда кузатилган “мис пулларнинг қадрсизланиши” даврида бу усул давлат молия сиёсатининг асосий қуролига айланди.

Мирзо Улуғбекнинг 1428 йилдаги ислоҳотидан сўнг маълум муддат барқарор бўлган пул муомаласи XV аср охирларига келиб яна издан чиқа бошлади. Бухоро зарбхонасидан чиққан ҳаддан ташқари кўп миқдордаги мис тангалар бозорни тўлдириб юборди. Бунинг устига, тангаларнинг вазни турлича бўлиб, енгил вазнли тангалар кўпайиб кетди. Бу ҳолат табиий равишда нарх-навонинг ошишига ва пулга бўлган ишончнинг пасайишига олиб келди.

Шундай вазиятда ҳукумат қандай йўл тутди? Янги тангаларни зарб қилиш – қиммат ва кўп вақт талаб қиладиган жараён. Унинг ўрнига ўша давр молиячилари тежамкор ва тезкор ечимни топдилар: тангаларни қайта эритиб ўтирмасдан, уларнинг устига янги тамға уриш. Бу кичик белги танганинг қонуний кучини тиклаш, унинг курсини белгилаш ёки маълум бир ҳудудда муомалада бўлишига рухсат бериш вазифасини ўтаган.

Манбаларга кўра, тамға уриш жараёни бир неча мақсадларга хизмат қилган. Биринчидан, бу инфляцияни жиловлаш воситаси эди. Бозордаги ортиқча пул массасини камайтириш учун ҳукумат маълум тангаларни муомаладан тўхтатиши ёки фақат махсус тамғаси бор тангаларнигина ҳақиқий деб эълон қилиши мумкин эди. Иккинчидан, бу хазина учун катта даромад манбаи бўлган. Аҳоли ўз қўлидаги тангаларга тамға урдириш учун солиқ тўлаган. Бу жараён давлатга ҳеч қандай металл сарфламасдан туриб, соф фойда олиш имконини берган.

Тамғалардаги ёзувлар ҳам диққатга сазовор. Уларда кўпинча “адл” (адолатли, тўғри), “равож” (муомалада юрувчи) ёки “беҳ” (яхши) каби сўзлар, баъзан эса “нимданги” (ярим танга) каби қийматни билдирувчи атамалар туширилган. XVI аср бошларида, Шайбонийлар даврида ҳам бу анъана давом эттирилди. Айниқса, Ҳисор минтақасида ва Марказий Мовароуннаҳрда турли хил тамғалар орқали маҳаллий бозорлар ҳимоя қилинган ва вилоятлар ўртасидаги пул оқими тартибга солинган.

Бу жараённинг яна бир қизиқ жиҳати шундаки, ҳукумат аҳолига қулайлик яратиш мақсадида нафақат йирик шаҳарларда, балки кичик қишлоқлар ва туманларда ҳам вақтинчалик зарбхона шохобчаларини ташкил этган. Бу ҳақда манбаларда Ахси, Шоҳруҳия, Зомин ва ҳатто Куфин каби кичик шаҳарларда ҳам тангаларга тамға урилгани қайд этилган. Бу эса давлат бошқарувининг нақадар кенг қамровли ва халққа яқин бўлганини кўрсатади.

Бу сиёсат – ўрта аср давлатчилигининг молиявий инқирозларга қарши қўллаган тактикаси эди. Бу усул иқтисодий чайқалишлар пайтида бозорни барқарорлаштириш, пул массасини назорат қилиш ва хазина даромадларини таъминлаш имконини берди. Энг муҳими, мазкур тадбирлар орқали давлат ўз иқтисодий ҳудудини ҳимоя қилиш ва ягона молиявий тизимни сақлаб қолишга муваффақ бўлди.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА