Ўрта асрлар Шарқ бозори деганда, кўз олдимизга кўпинча шовқин-суронли, тартибсиз ва чанг-тўзонли савдо расталари келади.
Бироқ, тарихий манбалар ва археологик тадқиқотлар бу тасаввурнинг нақадар нотўғри эканини кўрсатади. IX–XIII асрларда Мовароуннаҳрнинг Самарқанд, Бухоро каби йирик шаҳарларида савдо-сотиқнинг юксак маданияти шаклланган бўлиб, унинг энг ёрқин тимсолларидан бири – бу “тим” деб аталувчи усти ёпиқ, муҳташам бозорлар эди. Булар шунчаки савдо дўконлари мажмуаси эмас, балки ўзига хос меъморий дурдоналар, ижтимоий ҳаёт марказлари ва шаҳарнинг бойлиги ҳамда қудратининг рамзи бўлган.
Тимлар одатда шаҳарнинг энг гавжум қисмида, асосий савдо кўчалари кесишган чорраҳаларда бунёд этилган. Уларнинг асосий вазифаси – савдогарлар ва харидорларни ёзнинг жазирама иссиғи-ю, қишнинг совуғи ва ёғингарчиликларидан ҳимоя қилиш эди. Бу иншоотларнинг усти гумбазлар ёки махсус ёғоч конструкциялар билан ёпилган. Х асрда яшаган машҳур араб географи Муқаддасий ўзининг асарларида Шош (Тошкент) ва Исфижобдаги тимларнинг гўзаллиги ва кўркамлигини алоҳида ҳайрат билан тасвирлайди. Унинг ёзишича, агар бозорни чиройли қилиб қуришни истасалар, унинг деворларини нақшлар билан безаб, оҳак билан оқлаганлар, шифтларини эса махсус ёпқичлар билан ёпганлар. Бу – аждодларимизнинг ҳатто тижорат иншоотлари қурилишига ҳам юксак бадиий дид ва эстетик ёндашув билан қараганидан далолат беради.
Самарқанддаги энг машҳур бозорлардан бири, “Самарқанд Сўғди бозори” деб аталган бозорнинг марказида “чорсу” жойлашган бўлиб, унинг усти гумбаз шаклидаги том билан ёпилган эди. Чорсудан тарқаладиган катта-кичик кўчаларда ихтисослашган савдо ва ҳунармандчилик дўконлари жойлашган. Бундай марказлашган ва тартибли тузилиш савдо учун қулайлик яратган.
Тимларнинг ичида савдо расталари қатъий тартибга солинган. Ҳар бир маҳсулот тури учун алоҳида қаторлар ажратилган. Бу қоидага “бозор ихтисослашуви” дейилиб, у харидорларга ўзларига керакли молни осон топиш имконини берган. Энг қизиғи, энг қиммат ва нозик товар ҳисобланган газламалар савдоси доимо тимнинг марказий, энг кўркам ва хавфсиз қисмида олиб борилган. Бу – тимларнинг ички тузилишида ҳам иқтисодий ва ижтимоий иерархия мавжуд бўлганини кўрсатади.
Тимларнинг ободончилигига катта эътибор қаратилган. Уларнинг полларига тош ёки пишиқ ғишт ётқизилган, доимий равишда тозалаб турилган. Бу ҳақда ўрта аср муаллифлари ҳам кўп ёзишади. Масалан, Истахрий (850–934)нинг Марв бозорларини “энг тоза” деб аташи, Муқаддасийнинг Хоразм бозорларини обод ва савдоси жўшқин деб таърифлаши фикримизнинг яққол далилидир. Бундай юксак санитария ҳолатига эришишда, албатта, шаҳар тозалиги учун масъул бўлган муҳтасибларнинг хизмати катта бўлган.
Шундай қилиб, Мовароуннаҳрдаги тимлар ва чорсулар – бу ўрта асрлар шаҳарсозлик маданиятининг юксак намунасидир. Улар нафақат иқтисодий марказ, балки ўзида меъморий гўзаллик, ижтимоий тартиб ва юксак санитария маданиятини мужассам этган. Бу иншоотлар аждодларимизнинг нақадар бунёдкор, тадбиркор ва гўзалликка ошно халқ бўлганидан дарак бериб туради. Бугунги кунда Бухоро ва Самарқандда сақланиб қолган савдо гумбазлари ўша буюк давр меъморчилигининг бизгача етиб келган ёрқин акс-садосидир.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА