Тасаввур қилинг, IX–XIII асрлардаги Самарқанд, Бухоро ёки қадимги Насаф (Қарши) шаҳри. Ҳаёт қайнаётган гавжум маҳаллалар, ҳунармандчилик устахоналари, савдо расталари... Бундай зич ва жўшқин шаҳарларда тозаликни сақлаш, минглаб аҳолининг саломатлигини таъминлаш нақадар мураккаб вазифа бўлганини хаёлга келтириш қийин эмас.
Кўпчилик ўрта аср шаҳарларини антисанитария ўчоғи сифатида тасаввур қилади. Бироқ, Абдулҳамид Анорбоевнинг “Ўрта аср Ўрта Осиё шаҳрининг ободончилиги (V–XIII аср бошлари)” асарида келтирилган археологик далиллар бутунлай бошқа манзарани – аждодларимизнинг юксак муҳандислик даҳоси ва шаҳарсозлик маданиятини намоён этади.
Мовароуннаҳр шаҳарларида санитария муаммосини ҳал этишда иккита муҳим ва ўзаро боғлиқ тизим – “ташнав” ва “бадроб” ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. “Ташнав” – бу ҳовли ва устахоналардаги оқова сувларни ер остига самарали сингдириш учун мўлжалланган мураккаб дренаж тизимидир. Бу шунчаки чуқур эмас, балки аниқ ҳисоб-китобларга асосланган муҳандислик иншооти эди. Ташнавларнинг тузилиши ҳайратланарли даражада пухта ўйланган. Масалан, Варахша шаҳри харобаларида ўрганилган XI асрга оид турар-жой биносидаги ташнав учта асосий қисмдан иборат бўлган: марказий вертикал қувур ва унга ён томондан келиб қўшиладиган иккита тармоқ. Бу эса бир вақтнинг ўзида бир нечта хонадондан чиқадиган оқова сувларни ягона тизимга бирлаштириш имконини берган.
Тизимнинг энг юқори қисмида сув тўпланадиган махсус пишиқ ғиштдан терилган ҳовузча (резервуар) жойлашган. Сув шу ердан сопол қувурлар орқали пастга, ер остидаги асосий сув сингдирувчи иншоотга йўналтирилган. Бу қувурлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Улар бир-бирига кийдириладиган қилиб ясалган, узунлиги 40–45 см, диаметри эса 9–15 см атрофида бўлган. Бундай мукаммал тизим сувнинг атрофга тарқалиб, зах босишининг олдини олган ва уни тўғридан-тўғри ернинг чуқур қатламларига сингдириб юборган. Насафдаги (ҳозирги Қарши яқинидаги Шулликтепа) қазишмалар эса бу тизимнинг янада мураккаб кўринишини очиб берди. Бу ерда сув сингдирувчи қудуқ тўлиқ пишиқ ғишт ва ҳатто иккита таги тешилган тандирдан қурилган бўлиб, бу унинг мустаҳкамлигини ва узоқ хизмат қилишини таъминлаган. Бундай қурилма айниқса қумлоқ тупроқли ҳудудлар учун ўта муҳим бўлиб, аждодларимизнинг маҳаллий шароитдан келиб чиқиб, ноёб ечимлар топа олганидан далолат беради.
“Бадроб”лар эса “ташнав”лардан фарқли ўлароқ, қаттиқ маиший чиқиндилар ва кул учун мўлжалланган чуқур ўралар вазифасини бажарган. Уларнинг кенг қўлланилиши кўчалар ва умумий жойларнинг ифлосланишига қарши курашда энг самарали восита бўлган. Афросиёбда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, деярли ҳар бир хонадон ва ҳунармандчилик устахонаси ўз “ташнав” ва “бадроб”ига эга бўлган. Бу эса марказлашган канализация тизими мавжуд бўлмаган давр учун улкан ютуқ эди.
Бу муҳандислик ечимларининг оммалашувида Ислом динининг покликка бўлган эътибори ва VIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб шаклланган “муҳтасиблик” хизматининг ўрни беқиёс. Муҳтасиблар нафақат бозордаги нарх-наво ва тарозининг тўғрилигини, балки шаҳар кўчалари, ариқлар ва умумий жойларнинг тозалигини ҳам қатъий назорат қилишган. Уларнинг фаолияти туфайли шаҳарларда санитария қоидаларига риоя этиш кундалик турмуш тарзининг ажралмас қисмига айланган.
Хулоса қилиб айтганда, Мовароуннаҳрнинг ўрта аср шаҳарларидаги санитария тизими ибтидоий бўлмаган. “Ташнав” ва “бадроб” каби мураккаб муҳандислик иншоотларининг кенг тарқалгани аждодларимизнинг нафақат қурилиш ва меъморчиликда, балки шаҳар хўжалигини бошқариш, атроф-муҳит муҳофазаси ва аҳоли саломатлигини сақлаш каби соҳаларда ҳам юксак билим ва тажрибага эга бўлганини исботлайди.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА