IX–XIII асрларда Мовароуннаҳр шаҳарлари гуллаб-яшнаган, савдо ва ҳунармандчилик ривожининг юқори чўққисига чиққан давр эди. Бу даврда бозорлар нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ва маданий ҳаётнинг ҳам марказига айланди.
Бироқ, минглаб савдогарлар, ҳунармандлар ва харидорлар тўпланадиган бундай гавжум масканларда тартиб-интизомни, нарх-навонинг барқарорлигини, савдогарларнинг ҳалоллигини ва энг муҳими – тозаликни қандай қилиб таъминлаш мумкин эди? Бу саволга жавоб бизни ўрта асрлар давлатчилигининг энг ноёб институтларидан бири – муҳтасиблик хизмати билан таништиради. Муҳтасиб – бугунги кун тушунчаси билан айтганда, бозор назоратчиси, сифат инспектори, санитария назоратчиси ва ҳатто ёнғин хавфсизлиги ходими вазифаларини ўзида бирлаштирган масъулиятли давлат амалдори эди.
Тарихчи-археолог олим Абдулҳамид Анорбоевнинг ёзишича, муҳтасибларнинг ваколатлари жуда кенг бўлган. Уларнинг асосий вазифаларидан бири – бозорлардаги ўлчов асбоблари ва тарозиларнинг тўғрилигини доимий равишда текшириб туриш эди. Бу билан улар савдодаги алдов ва фирибгарликларнинг олдини олиб, харидорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилган. Уларнинг фаолияти туфайли бозорда адолат ва ишонч муҳити ҳукм сурган.
Муҳтасибларнинг яна бир ўта муҳим вазифаси шаҳарда санитария-гигиена қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш эди. Ўрта асрларнинг машҳур олими Ғаззолийнинг ёзишича, муҳтасиблар олов билан боғлиқ касб эгалари, масалан, темирчилар ва новвойларнинг устахоналарини газлама сотувчилар ва атторларнинг дўконларидан узоқроққа жойлаштиришни талаб қилишган. Бунинг сабаби оддий, лекин жуда муҳим эди: биринчидан, ёнғин хавфининг олдини олиш, иккинчидан, темирчилар устахонасидан чиқадиган тутун ва ҳидлар қимматбаҳо газламаларга ўрнашиб, уларга зарар етказишига йўл қўймаслик мақсад қилинган. Бу оддий қоида ўрта аср шаҳарсозлигида ҳунармандчилик турларини ихтисослаштириш ва жойлаштириш тамойили қанчалик пухта ўйланганини кўрсатади.
Бозорларнинг тозалиги масаласи ҳам муҳтасибларнинг доимий назоратида бўлган. Истаҳрий каби араб географлари Марв шаҳри бозорларини “энг тоза бозорлар” қаторида тилга олгани бежиз эмас. Бундай юксак баҳога доимий назорат ва шаҳар аҳлининг тозаликка бўлган масъулияти туфайли эришилган. Муҳтасиб ва унинг ёрдамчилари бозорларнинг озода сақланиши, чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетилиши учун масъул бўлган. Шунингдек, улар савдо расталарининг ободлиги, усти ёпиқ бозорлар – тимларнинг меъморий жиҳатдан кўркам бўлишига ҳам эътибор қаратганлар.
Муҳтасиблик хизматининг фаолияти туфайли шаҳар ҳаётида аниқ бир тартиб ўрнатилган эди. Масалан, ҳар бир турдаги маҳсулот учун алоҳида расталар ажратилган, бу эса харидорлар учун катта қулайлик туғдирган. Одатда, энг қимматбаҳо товар – газламалар – бозорнинг марказий қисмида сотилган. Бу нафақат савдо қулайлиги, балки маҳсулотларнинг қадрига қараб жойлаштирилган ижтимоий-иқтисодий иерархиядан ҳам далолат беради.
Шундай қилиб, муҳтасиб лавозими ўрта аср Мовароуннаҳр шаҳарларининг муваффақиятли ривожланишининг калитларидан бири бўлган. Улар шунчаки назоратчи эмас, балки шаҳар маданияти, иқтисодий барқарорлиги ва аҳоли саломатлигининг чинакам посбонлари эди. Уларнинг фаолияти туфайли бозорлар нафақат савдо-сотиқ маскани, балки тартиб, адолат ва тозалик ҳукм сурган обод гўшаларга айланган. Бу тарихий тажриба – марказлашган назорат ва жамият масъулияти уйғунлашганда ҳар қандай соҳада юксак натижаларга эришиш мумкинлигининг ёрқин далилидир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА