Самарқанд вилоятида бу йилги ёзги мавсумда 18 та доимий ва 56 та кундузги оромгоҳда 21 минг нафардан ортиқ болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш кўзда тутилган.
Ушбу оромгоҳларда фаолият кўрсатиши учун 332 нафар юқори малакали педагог ходимлар танлаб олинган
Шунингдек, оромгоҳларда болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида тегишли соҳавий хизматлар вакиллари жалб этилади. Бу борада белгиланган ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокимлиги, Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши ҳамда тегишли соҳавий хизматлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар дам олиш масканларида бўлиб, ҳолатни ўрганмоқда.
Афсуски, ушбу жараёнда айрим оромгоҳларда қурилиш-ободонлаштириш ишлари якунига етмагани, зарур жиҳозлар билан таъминланмагани кузатилди. Жумладан, Самарқанд туманида жойлашган, туман халқ таълими бўлимига қарашли “Учқун”, Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли “Алпомиш”, Ургут туманида жойлашган, вилоят дон маҳсулотлари корхоналарига қарашли “Баҳора”, Иштихон туманида жойлашган, туман халқ таълими бўлимига тегишли “Қувноқ”, “Каттақўрғон ёғ-мой” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Фарҳод” оромгоҳларида кўплаб камчиликлар қайд этилган.
Ушбу ҳолатлар ўтган ҳафта мутасаддилар иштирокида муҳокама этилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, муассасалардаги қурилиш-таъмирлаш ишларини 1 июнгача якунига етказиш юзасидан топшириқлар берилган. Аммо кеча касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши ва бошқа соҳалар масъуллари иштирокида муаммоли оромгоҳларда бўлганимизда ишлар якунига етмагани кузатилди. Хусусан, Ургут тумани Омонқўтон қишлоғидаги “Баҳора” оромгоҳида айни пайтда қурилиш-ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
– Биноларимиз эски, аксарияти 60-70 йил аввал қурилган, – дейди оромгоҳ раҳбари С.Хўжамов. – Шунинг учун босқичма-босқич бузиб янгидан қуряпмиз. Бу йил иккита ётоқхонани янгилаш режалаштирилган эди, баҳор серёғин келгани учун қурилиш ишлари кеч бошланди. Бир ҳафтада якунига етказамиз. Ҳали девор ва сувоқ ишлари давом этаётган ётоқхонадаги ишлар бир ҳафтада якунига етармикан? 7,5 гектарлик оромгоҳ ҳудудидаги ободонлаштириш ишлари, афсуски, қувонарли эмас. Йўлаклар, спорт майдончаларида болалар хавфсизлиги таъминланмаган. Оромгоҳга борадиган йўл ва кўприк таъмирталаб, ичкаридаги йўл ва йўлаклар ҳам талабга жавоб бермайди. Ҳудуддаги қўл ювиш воситалари, ўриндиқлар ва бошқа воситалар ҳам маънан эскирган.
[gallery-7375]
Савол туғилади – вилоятдаги дон корхоналари раҳбарлари оромгоҳга келиб, бу ердаги шарт-шароитни кўрганмикан, фарзандларини шу ерда дам олишга юборармикан? Бир ёки икки эмас, тўртта йирик корхона мазкур оромгоҳга масъул ҳисобланади. Бу ерда айнан шу корхоналар ходимларининг фарзандлари дам олади. Наҳотки, улар ўз фарзандларининг қаерда, қандай шароитда ҳордиқ чиқаришига бефарқ бўлса...
Шу қишлоқда, сўлим табиат бағрида жойлашган Ёқуб Турсунов номли оромгоҳда эса бутунлай бошқача манзаранинг гувоҳи бўлдик.
Бинолар таъмирланиб, ҳудуддаги ободонлиштириш ишлари юксак дид билан бажарилган. Маънавият хонаси, тўгарак хоналари керакли воситалар билан таъминланган. Кутубхона учун адабиётлар келтирилган. Мудофаа вазирлигига қарашли ушбу дам олиш масканида бу йил тўрт навбатда 600 нафар болани соғломлаштириш режалаштирилган. Оромгоҳда жорий йилги мавсум 1 июндан бошланади ва кеча муассаса болажонларни қабул қилишга шай ҳолатда эди.
Вилоятдаги оромгоҳларда мавсумни 10 июндан бошлаш кўзда тутилган.
Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов (сурат), ЎзА