English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оромгоҳлар болажонларни чорламоқда
12:11 / 2023-05-30

Ёз мавсуми ҳам келди. Саноқли кунлардан кейин умумтаълим мактаблари ўқувчилари оромгоҳларда дам олишни бошлайди. Хўш, оромгоҳлар ёзги мавсумга шайми?

Навоий вилоятида ёз мавсумида 18 оромгоҳ фаолият олиб боради. Уларнинг 11 таси стационар, 5 таси кундузги, 2 таси меҳнат ва дам олиш оромгоҳларидир. Уларда 15 минг 440 нафар болаларни дам олдириш режалаштирилган. Фаолият кўрсатадиган оромгоҳларга 900 нафарга яқин педагог жалб қилиниб, айни пайтда улар билан махсус дастур асосида ўқувлар ўтказилмоқда. Оромгоҳларда болалар адабиётлари ва янги нашрларга бой кутубхона, ижодий-бадиий, спорт, хорижий тиллар ва компьютер саводхонлигини ошириш бўйича тўгараклар фаолият кўрсатади. Шунингдек, махсус дастур асосида машғулотлар, фан кечалари, викторина, мушоира, турли танлов ва мусобақалар ўтказилиши режалаштирилган.  

Оромгоҳларда болажонлар билан Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббусни амалга ошириш бўйича қизиқарли тадбирлар, ижодий кечалар, актёрлик маҳорати дарслари ҳам ташкил этилади. Ёзги оромгоҳларнинг асосий мақсади – оромгоҳ фаолиятини юксак маънавият мезонлари асосида ташкил этиб, фарзандларимизнинг дам олишини мазмунан бойитишдан иборат. Шу мақсадда вилоят “Баркамол авлод” болалар мактабида 2023 йилнинг ёз мавсумида фаолият кўрсатадиган 18 оромгоҳ раҳбарлари билан учрашув ташкил этилди. Унда оромгоҳларда олиб бориладиган ишларни тўғри режалаштириш, болажонларни қизиқарли ва хавфсиз дам олдириш, ёзги таътилни мароқли ўтказиш, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шуни таъкидлаш керакки, Навоий вилоятида барча оромгоҳлар болажонларни қабул қилишга шай ҳолатга келтирилиб, мароқли дам олишлари учун барча шароитлар яратилган.  

Т.Абдураҳмонов,  

Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаментининг Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари  

ЎзА