Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси ҳамкорлигида “Сармиш” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Ёш қутқарувчи” ҳарбий-ватанпарварлик спорт мусобақаси ўтказилди.
Тадбир ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик, ватанпарварлик, садоқат туйғуларини камол топтириш мақсадида ташкил этилди. Унда 12-14 ёшдаги ўқувчилардан тузилган 4 та жамоа иштирок этди.
Қизғин баҳс ва беллашувларга бой ўтган мусобақада 5 нафардан иборат бўлган жамоалар 6 та шарт асосида ўзаро беллашди.
[gallery-17877]
Якунда барча шартларни тез ва аниқ бажарган “1050” жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
– Бугунги беллашув таассуротларга бой бўлди, – дейди “1050” жамоаси сардори Муниса Холмаматова. – Ҳар бир шарт болалардан чаққонлик ва топқирликни талаб этиши билан мусобақанинг янада қизиқарли бўлишини таъминлади. Мусобақа орқали тутун чиққанда, ёнғин ва зилзила содир бўлганда, шунингдек, сувга чўкаётганда тўғри ҳаракатланиш ва биринчи ёрдам кўрсатиш қоидаларини билиб олдик. Инсонларга ёрдам бериш энг олий бахт ва одамийлик бурчи эканлигини англадик.
Мусобақа сўнггида ғолиб ва совриндор жамоалар муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари