Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оролқум баҳори бошланмоқда
10:37 / 2022-03-01

Давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёев яқинда ҳудудлардаги ­бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистонга ташриф буюрди.

Бу галги ташрифнинг ўзига хос жиҳатлари кўп эди. Хусусан, биринчи рақамли борт илк бор Тошкентдан Мўйноққа келди.
Президент кўплаб янгиликлари билан навбатдаги сафарини мамлакатимизнинг энг оғир бўлмиш ҳудудидан бошлади. Сафарнинг илк кунида Оролқумда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Танишув асносида айтилган фикрларни эшитиб, қилинган ишларни кузатар эканман, шу юрт фуқароси сифатида менинг хаёлимдан ҳам жуда кўп ўйлар ўтди, кўплаб хотиралар жонланди.

…Бир вақтлар Қорақалпоғистон ҳудудида 3 та йирик саҳро – Устюрт, Қорақум ва Қизилқум бор эди. 2000 йиллардан бошлаб Оролқум ҳам пайдо бўлди. Қуриган денгиз ўрнида пайдо бўлган бу саҳронинг бошқаларидан фарқи – у тузли қум барханларидан иборат эди.

Мен хизмат сафари билан Оролқумга жуда кўп борганман. Ҳар гал борганимда у ердан жуда кўп таассуротлар билан қайтганман.

Ўтган гал борганимда у ердаги бир ҳолат мени ниҳоятда мутаассир этганди. Яъни Мўйноқдан 75 километр шимолда, Сургил газ кони массивида «Нўл нуқта (Нулевая точка)» деган жой бор. Шу жойдан бошлаб ҳар 20-30 километрда турли вилоятлар ҳашарчилари саксовул экишаётганди. Уларнинг фаолияти билан қизиқиб, суҳбатга тортдим. Дастлаб учраганимиз навоийлик ўрмон хўжалиги ходимлари экан. Улар «Нўл нуқта»дан 14 километр шимолда ишлар эди. Шу пайт тепамиздан самолёт учиб ўтиб, саксовул уруғини сепиб кетди.

Қизиқ, самолётдан сепилган уруғ унармикан? Шамол уларни бир жойга тўплаб ташламайдими? Шундай саволлар билан тургандим, ўзини Навоий вилояти ўрмон хўжалиги бошқармаси ходими, дея таништирган йигит менга юзланиб деди:
– Қаранг, табиатнинг мўъжизасини! Бу уруғ ерга тушгач, қумга ёпишиб қолади. Ўзи умуман шўрга чидамли чўл ўсимликлари уруғларининг шундай хусусияти бор: қумга ёпишиб қолади. Шамол бўлса, қум остига кириб кетади. Бу эса уларнинг яшовчанлигини оширади, униб-ўсишига шароит яратади.

Кейин-кейин ҳам кўп­лаб мутахассислар билан шу ҳақда гаплашганимизда, улар бу далилни тасдиқлашди.
Биласиз, Орол денгизининг қуриган тубидан миллионлаб тонна чанг ва заҳарли тузлар кўтарилиб, катта ҳудудга тарқалади. Давлатимиз раҳбари 2018 йили Мўйноққа ташрифи чоғида олимлар билан маслаҳатлашиб, у ерда шўрга чидамли ўсимликлар экиш вазифасини белгилаб берган эди.

Ўтган даврда бу ҳудудда 1 миллион 524 минг гектар тўқайзор барпо этилган. Бунинг учун саксовул, қорабўроқ, қандим, черкез каби чўл ўсимликларидан қарийб 6 минг тонна уруғ тайёрланиб, қийин шароитларда экилган. Бу ишларда 4 мингдан зиёд ишчи қатнашиб, 1 минг 600 та техника, самолётлар жалб этилган.

Президентимиз ташриф асносида шу чўл ўсимликлари экилган жойни кўздан кечирди.

Маълумотлардан билдикки, унумдорлик 40 фоизни ташкил қилибди. ОАВда мутахассислар фикрларини кузатдим. Уларнинг фикрича, дастлаб 20 фоиз умид қилинган экан. Яъни, 100 гектар жойга экилган чўл ўсимликларининг 20 фоизи униб-ўсса, ҳам катта натижа. Бугун эса кўриб турибмизки, бу кўрсаткич икки баробарга ортган.

Яна бир маълумот: яқинда сувда эрийдиган полимерларни ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи бўлган «SNF» компаниясининг «Аквасорб 3005» (гидрогель) маҳсулоти саксовул экиш жараёнларида синалган экан, самарадорлик 80 фоизгача ошибди.
Ҳа, Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб бежиз айтишмаган. Ҳозир шу каби кўплаб ихтиро ва инновацион ечимлар амалиётга кенг татбиқ қилинмоқда.

…Яна хотиралар жонланади. Ўшанда – навоийлик ҳашарчилар билан суҳбатлашиб турган вақтимизда эски қудуқ кранидан сув оқаётганини кўриб, ҳайратлангандик.

Бу бепоён саҳрода уни ким қурган экан-а? Сувини татиб кўрсак, жуда ҳам шўр. Кейинчалик билсак, бу каби қудуқларни газ-нефть қидирувчилар қазиган. Ерни бурғулаш пайтида шу тариқа кўплаб жойларда қудуқлар пайдо бўлган.

2019 йилда Оролнинг қуриган майдонида, яъни Мўйноққа 200 километр олисдаги Возрождение массивида чучук сув кўзи топилди, деган хабар тарқалгач, биз ҳам уни кўришга отландик. Йўлтанламас автотранспортда соатига 100 километр тезликда 5 соат йўл юриб, манзилга етганмиз ўшанда.

«Возрождение» массивидан топилган чучук сув ҳам аслида 2011 йилда қазилган экан. 260-280 метр чуқурликдан секундига 7 литр ҳажмда отилиб чиқаётган ­сувнинг минераллашуви 3 грамм, қаттиқлиги 6 миллиграмм эквивалентга тенг бўлиб, ҳақиқатан ҳам, уни ҳатто одамлар ҳам истеъмол қилиши мумкин. Сувдан ўзимиз ҳам тотиб кўрдик.

2019 йилда давлат дас­тури асосида Оролнинг қуриган майдонида 50 та қудуқ қазилди. Қувончлиси, уларнинг 47 тасидан чучук сув чиқди. Мазкур маълумотни Оролбўйи дала гид­рогеологик экспедицияси бошлиғи Шавкат Олимов тасдиқлар экан, бу ҳудудда чорвачиликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Президентимиз ташрифи чоғида Оролқумда экологлар ва ўрмон хўжалиги мутахассислари билан суҳбатлашар экан, яна бир бор мазкур чўл ҳудудида чорвачиликни ­ривожлантириш хусусида тўхталди.

– Биз шу мураккаб шароитда экиш бўйича катта тажриба орттирдик. Бу ерга ўзим келишимдан мақсад – энди бу ишларни илмий ­асосланган тарзда давом эттирамиз, – деб бу ерларда илмий изланишлар қилиб, ҳудуд туп­роғига мос навлар яратиш, кейинги босқичда чорвачиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.

Узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий ишлар билан шуғулланган марҳум олим Махсуд Ибрагимов ҳаётлигида Мўйноқ ва Қораўзак туманлари ҳудудида, яъни қуриган денгиз ўрнида чорвачиликни йўлга қўйишнинг истиқболлари ҳақида фикр юритарди. Марҳум олим айтар эдики, саҳро тупроғига туёқлар тегмаса, у ерлар унумдорликдан чиқиб қолади. Шу боис Оролқумда чорвачиликни ривожлантириш зарур.

Олимнинг фикрлари нақадар тўғри эканини бугун давр кўрсатмоқда. Ҳозир Устюрт саҳросида ер унумдорлиги тушиб кетган, ­дейишмоқда мутахассислар. Чунки бир вақтлар бу ҳудудда кўчиб юрадиган миллионлаб сайғоқлар бугун йўқ-да…
Денгизнинг қуриган жойида Ақбеткей деган жой бор. У ер ҳозир давлат буюртма қўриқхонасига айлантирилган. Денгиз илк бор ушбу ҳудудларда тортила бошлаган. Бундан 20 йиллар аввал Ақбеткей массивидаги 80 минг гектар ерга Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) лойиҳаси асосида чўл ўсимликларини экиш тадбирлари амалга оширилган.

Бугунги кунда ушбу ҳудудлар қалин ўрмонзорга айланган. Бу ердаги саксовулларнинг баландлиги 7-8 метргача етади. Ўрмонда эса биохилмахиллик ривожланган, ҳар қадамда ёввойи ҳайвонлар изларини кўрасиз. Афсуски, ноқонуний овчиларнинг қадами ҳам бу жойдан узилмай қолган. Сизу биз ОАВда кўраётганимиз ўлдирилаётган жайронларнинг аксарияти шу жойларга тегишли.
Яна бир хушхабар шуки, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими орнитолог олимлари Оролбўйида экологик вазият изига тушаётгани сабабли янги қуш турлари ҳам пайдо бўла бош­лаганини айтишаяпти. Оролбўйи минтақасида аввал учрамаган бегунок, шарқ клушаси, узун думли читтак, кичик балиқчи қуш, катта читтак, кичик чипор қизилиштон, кулранг каклик каби янги қуш турлари шулар жумласидандир. Шамол электр станцияси қурилиши режалаштирилаётган Қоратовда эса ўтган йили баҳорги мониторинг чоғида ушбу ҳудудда илгари учрамаган янги қуш тури – чўл буқаси борлиги аниқланди.
Лекин Орол денгизи билан бирга қуриб ва қирилиб кетган ҳайвонот олами қанчадан-қанча эди?

Бир сафар Мўйноққа борганимда Учсай қишлоғида Адилжан Бигелдиев исмли киши билан суҳбатлашиб қолдим. У ёшлигида балиқчи бўлган экан. Бак­рабалиқлари ҳақида қизиқ гапларни айтиб берди. Бакрабалиқни маҳаллий аҳоли «олтин балиқ» деб аташган.

Бакранинг энг катталари 120 килограммгача тош босар экан. Орол денгизининг қуриб кетишига илк бор ана шу балиқлар шама қилган дейишади. Адилжан оғанинг таъкидлашича, 1975 йилда соҳилга минглаб бакрабалиқлар чиқиб қолган. Денгизнинг ўртасида яшайдиган балиқлар нега соҳилга келиб қолгани тушунарсиз ҳолат бўлган. Лекин қишлоқ оқсоқоллари бу ҳодисани кўриб, «Воҳ, денгиздан айрилдик. Бакрабалиқларнинг соҳилга чиқиб кетиши яхшилик аломати эмас», дейишган экан. Ҳақиқатан ҳам, кўп ўтмай денгиз суви камайиб борган, унинг тузлилик даражаси ошиб, бакрабалиқлар бутунлай қирилиб кетган.
Кекса балиқчиларнинг таъкидлашича, ўз вақтида бакрабалиқларга хорижда кўплаб харидорлар бўлган. Ҳозирги пайтда 1 килоси 1000 (минг) АҚШ доллари турадиган қора увилдириқлар айнан бакрабалиқдан олинган. Қаранг, 120 килолик балиқда қанча увилдириқ бўлиши мумкин. Камида 10 килограмм десак, демак, 1 та бакрабалиқ увилдириғининг ўзи 10 000 АҚШ доллари бўлиб чиқади. Шу ўринда қандай бойлигимиздан айрилганимизни тасаввур қилаверинг.

Мўйноққа ҳар сафар борганда бир-биридан қизиқарли гурунгларни эшитиб қайтаман. Уларнинг барчаси эртакдек «бир бор экан…» деб бошланади.

…Бир куни сув хўжалиги соҳасида ишлайдиган Пўлат оға Мўйноқ тумани марказидаги эски уйга олиб борди. Уйда Таласбой (раҳматли) исмли ёши 70 дан ошган киши бир ўзи истиқомат қилар экан. Болалари хорижга кўчиб кетган. Уй яроқсиз ҳолга келиб қолган. Болалари бир неча бор отасини олиб кетмоқчи бўлишган. Аммо қария бунга қарши бўлган. «Умримнинг охиригача Мўйноқда қоламан», деб бормаган. Таласбой оғанинг айтишича, денгиз атрофидагилар бакрабалиқ увилдириғини нон ўрнида ейишган экан.

2015 йилда, ўшанда Қорақалпоғистон Рес­публикаси Вазирлар Кенгашида ахборот хизмати раҳбари бўлиб ишлардим, бир гуруҳ россиялик киноижодкорлар Қорақалпоғистонга келди. Мақсади – Қорақалпоғистон бўйича кино яратиш.

Шу гуруҳ билан бир ҳафта Орол денгизининг қуриган тубига сафарга отландик. Албатта, авваллари денгиз бўлган бепоён саҳроларда узоқ вақт юриб ўзимиз ҳам, хорижлик меҳмонлар ҳам фожианинг нақадар улуғ бўлганини юракдан ҳис қилдик. Газета-журналларда, китобларда минг марта ўқиганмиз, телевизорда кўрганмиз, радиода эшитганмиз, лекин ўз кўзингиз билан кўрганга ҳеч нарса етмас экан.

Ахийри денгиз суви сақланиб қолган Оқтумшуқ деган жойга келдик. Озроқ тановул қилиб олгандан кейин, шу ерда артемия цисталарини йиғиш билан шуғулланадиган тадбиркорлар квадрациклига ўтириб, денгиз томон ҳаракатландик. Биз турган жойдан 1 километр нарида денгиз суви. Сувга яқинлашганимизда ботқоқлик бошланди. Квадрацикл юрмай қолди. Аста-секин ботқоқлик тортиб кетяпти. Дарҳол квадрациклдан тушиб, орқамизга қарасак, йигитлар бақиряпти: «Денгизга яқинлашманг, у томон ботқоқлик, тортиб кетади». Ерга тушишим билан тиззамгача балчиққа кириб кетдим. Оёғимни базўр суғуриб олдим, аммо пойабзалимни ботқоқ тортиб кетди.

Ҳозир буларни нима учун айтяпман. Ўшанда балчиқда ярим соат юрдиму, болалигимдан буён мени қийнаб келаётган оёқ оғриғим йўқолиб кетди. Балки бу тасодифдир. Лекин мен буни балчиқнинг шифобахш хусусиятидан деб билдим. Кейинчалик ўқиб билдимки, хорижда шифобахш балчиқ ванналарининг 1 соати 25 доллар экан.

Бугун ўйлайманки, бизда Оролқумда балчиқ мўл. Нега унинг хусусиятини аниқламаймиз, салоҳиятини ишга солмаймиз?
Яна бир гап, Оролга борганлар елим идиш­ларда сув олиб қайтишади. Оролнинг шўр суви тери касалликларига даво, деб ишонишади.

Булар ҳам ўйлаб кўрадиган масалалар, менимча.

Ўшанда гуруҳ аъзоларига Устюрт каньонларини кўрсатдим. Улар Ўзбекистонда шундай жойлар борлигидан ҳайратга тушишди.
2017 йилда Орол денгизининг ғарб қирғоғига саёҳат қилган ўзбекистонлик блогер Никита Макаренко gazeta.uz сайтида: «Чин сўзим, Устюрт платоси баланд­лигидан Орол денгизининг ғарбий соҳили жуда ажойиб манзара ҳосил қилади. Дунёнинг ҳеч бир диққатга сазовор жойи менда бу панорама каби катта таассурот қолдирмаган. Бу бутунлай космик, ғайриоддий пейзаж», дея туйғуларини изҳор этган.

Орол денгизига саёҳат қилган минглаб сайёҳларнинг таассуротлари худди шу каби интернетда ва бошқа манбаларда тўлиб-тошмоқда. Демак, Оролқум ва Орол – экологик фожиа ҳудуди эмас, энди машҳур туристлик ҳудудга айланиши лозим.
Оролқумда сал юрсангиз, лабларингизга туз ёпишади. Бошқаларга фожиали туюлиши мумкин, ишонаверинг, шахсан ўзим ҳордиқ чиқармоқчи бўлсам, денгиз ўрнида пайдо бўлган ушбу тузли бархан қумларда кўп вақт қолиб кетгим келади. Балки шунинг учундир, мени Устюрт, Оролқум ва Орол тез-тез ўзига чорлаб туради. Бу ерларда тушунтириб бера олмайдиган ўзгача қувватбахш куч бор…

Бугун Президентимиз ташрифи асносида бу ерда амалга оширилаётган ҳаётбахш ўзгариш­­лар оддий бир фуқаро, шу азиз юртнинг фарзанди сифатида менда ана шундай туйғуларни уйғотди.

Ҳа, бугун Оролқумда баҳор бошланмоқда. Бу ҳақиқий ўзгаришлар баҳори. Янги Ўзбекис­тоннинг ҳаёт насимлари эсаётган кўклами. Бу баҳор барчамизга муборак бўлсин!

Есимхон ҚАНОАТОВ
 

Манба: «ISHONCH»