Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оролбўйини “яшил ривожлантириш” учун 150 миллион евро инвестиция киритилади
10:38 / 2022-05-09

Ўтган асрнинг 60-йилларига қадар дунёда йириклиги бўйича кўллар ўртасида тўртинчи ўринда турган Орол денгизининг қуриб бориши жаҳон миқёсидаги энг катта антропоген экологик офатлардан биридир.

Ушбу фожианинг оқибати миллий ва минтақавий чегарадан чиқиб кетган. Офат эпицентри Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақада яшаётган миллионлаб одамларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳолатига салбий таъсир кўрсатяпти.

Орол фожиаси асносида ривожланаётган инқироз бир қатор салбий оқибатларга, жумладан ернинг деградацияси ва чўлланиши, ичимлик суви етишмаслиги, маҳаллий аҳоли соғлиғи ёмонлашишига олиб келмоқда. Бундан ташқари ижтимоий-иқтисодий ва экологик вазият ҳам салбий таъсир кучайиши билан мураккаблашиб бормоқда.

Олимлар ҳисоб-китобига кўра, Оролнинг қуриган ҳудудида ўсимлик дунёси тўлиқ тикланиши ва денгиз туби тўлиқ қопланиши учун камида 40-45 йил керак. Афсуски, шу вақт ичида кўтарилаётган чанг бошқа ҳудудларга кўчиши, аҳоли ижтимоий-иқтисодий ҳолати ёмонлашиши ва бошқа шу каби ҳолатлар содир бўлиши мумкин. Маълумки, табиат ўзини ўзи тиклаш салоҳиятига эга, бироқ бунга инсон аралашуви мазкур жараённи тезлатиши мумкин.

- Ўзбекистонда Орол денгизини қутқариш кампанияси авж олган, - дейди Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаев. - 2020 йилдан бошлаб “My garden in the Aral Sea” (“Оролдаги боғим”) агро ва экотуризм лойиҳаси амалга оширилмоқда. Айни пайт Халқаро инновация маркази томонидан “Мўйноқ” ва “Саманбай” тажриба-синов майдони ташкил этилган. Шўрланишга, қурғоқчиликка чидамли чўл ва манзарали ўсимликлар генофонди шакллантирилиб, 13 турдаги ўсимлик дунёси объекти синовдан ўтказилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан Орол денгизининг қуриган тубида яшил қопламани янада кенгайтириш, шўрга ва сувсизликка чидамли озуқабоп ўсимликлар етиштириш, чорвачиликни ривожлантириш ва озуқа базасини яхшилаш, инновацияни кенг жорий этишни назарда тутувчи 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш  бўйича кўрсатма берилган.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Давлат экология қўмитаси ҳузурида 18 вазирлик, идора, 10 илмий-тадқиқот институти, 13 олий таълим муассасаси ва Орол халқаро инновацион маркази вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ ва штаб ташкил этилди.

Бунёд Абдуллаевнинг таъкидлашича, Мўйноқда Ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган ва тақдим этилган таклифлар асосида Давлат экология қўмитаси томонидан чуқур таҳлил қилинган ҳолда Оролбўйи минтақасининг экологик вазиятини барқарорлаштириш ва ҳудудни ривожлантиришга қаратилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий дастур ҳамда ушбу ҳужжатни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда.

Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) билан ҳамкорликда ҳудудни ривожлантириш ва экологик вазиятни яхшилашга қаратилган лойиҳаларга хорижий инвестиция жалб қилиш учун замонавий яшил молиялаштириш механизми - Яшил облигациялар жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Яшил облигациялар, асосан, қайта тикланувчи энергия, энергия самарадорлиги, электр транспорти, аҳолининг барқарор сув таъминоти, корхоналар томонидан ҳаво, сув ва атмосфера ифлосланишинининг олдини олиш, чиқиндиларнинг табиатга таъсирини минималлаштиришга қаратилган.

Денгиз қуриган тубининг 7 ҳудудида атмосфера ҳавоси, сув ва тупроқ сифат даражасини аниқлаш мақсадида 13 нуқтадан 26 марта тупроқ, 6 нуқтадан атмосфера ҳавоси ва 3 артезиан қудуқ суви таҳлил қилинди. Бундан ташқари Оролбўйи ҳудудида учрайдиган 200 дан зиёд галофит
ва ксерофит ўсимлик турлари ўрганилиб, қурғоқчиликка ва шўрга чидамлилигига кўра, гуруҳга ажратилди. Ушбу ҳудудларда ўсиши мумкин бўлган 50 дан зиёд турдаги галофит, псаммофит ва ксерофит ўсимликлар, 24 хил озуқабоп ўсимлик рўйхати шакллантирилди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан мазкур соҳада илгари сурилаётган конструктив таклиф, ташаббуслар нафақат мамлакатимизда, балки халқаро жамоатчилик томонидан ҳам катта қизиқиш билан эътироф этилмоқда.

Жумладан, 2018 йил 27 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси доирасида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шерикли Траст фондини ишга туширишга доир олий даражадаги тадбир ўтказилди. Айни пайт ушбу фонд қизғин фаолият олиб бормоқда. БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг 2021 йил 18 май куни ўтказилган ялпи мажлисида Орол денгизи минтақасини экологик инновация ва технология зонаси сифатида эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Европа Иттифоқи Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил қилинган БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шерикли Траст жамғармаси фаолияти доирасидаги экологик ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда Ўзбекистоннинг яқин ҳамкоридир.

Ҳозирги кунда ЕИ томонидан Жамғармага 5 миллион евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилди. Финландия ва Норвегия ҳам ҳар бири 1 миллион евродан ҳисса қўшди. Бундан ташқари, Европа инвестиция банки ва “Kreditanstalt für Wiederaufbau” (KfW, Германия) томонидан 125 миллион евро ва 31,5 миллион евро миқдорида аралаш молиялаштириш шаклида молиявий ресурс ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, Европа Иттифоқига аъзо бир қатор давлатлар вакилларидан иборат делегациянинг Оролбўйи минтақасига расмий ташрифи уюштирилди. Вазирлик билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбир доирасида хорижий делегациянинг Орол денгизининг қуриб қолган қисмида 27 мингта дарахт экиш акцияси расман бошланди.

Қолаверса, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ҳар томонлама рағбатлантиришга қаратилган қиймати 210 миллион доллардан зиёд истиқболли дастур ва лойиҳалар тақдим қилинди.

Айни пайт Оролбўйини “яшил ривожлантириш” бўйича қиймати 150 миллион евроли инвестиция лойиҳаси ишга туширилмоқда. Ушбу режа минтақада ўрмон, сув ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ирригация тизимини модернизация қилишни кўзда тутади.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, Элчи Шарлотта Адриан Орол денгизи йўқолиб бориши миллий эмас, халқаро фожиа эканини таъкидлаб, Европада ривожланишнинг яшил йўналиши ҳамда ЕИ Марказий Осиё бўйича янги стратегиясига мувофиқ, аъзо давлатлар экологик таназзулнинг олдини олиш ва фожиадан зарар кўрган аҳоли барқарорлигини юксалтириш борасидаги барча саъй-ҳаракатларда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. 

ЕИ БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шерикли Траст жамғармасига 5 миллион евро ажратди. Бундан ташқари, ЕИ Ўзбекистонга совға сифатида ҳамда мамлакат ҳукуматининг чўлланишга учраган ерларни тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йил охиригача  иттифоққа аъзо 27 давлат номидан 27000 туп дарахт экиш мажбуриятини олди. 

- Шу орқали, биз келажакда “яшил” инвестиция, Оролбўйи минтақасида экотизимни яхшилаш, барқарор ҳаётга йўл очиш ҳаракатига ҳисса қўшамиз, - дейди Шарлотта Адриан.

Гўзал Сатторова,

ЎзА мухбири